16:12 / 05.01.2016
13549

“Кариб денгизи қароқчилари”нинг 5-қисми ҳақида айрим тафсилотлар ошкор этилди

Капитан Жек Туллакнинг саргузаштлари ҳақидаги “Кариб денгизи қароқчилари” фильмининг 2017 йилда катта экранларга чиқадиган 5-қисмида бош роллардан бирини ижро этадиган актриса Кая Скоделарио фильм билан боғлиқ айрим фактларни ошкор қилди.

Disney студияси фильм устида 2011 йилдан буён ишламоқда. 2015 йилга премьераси мўлжалланган фильм сценарий ва молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар туфайли 2017 йилга қолдирилди.

Киносерия продюсери Жерри Брукхаймернинг 2015 йилда Collider нашрига берган интервьюсида таъкидланишича, фильм саҳналари максимал даражада “қароқчилар реаллиги”га яқинлаштирилади, ҳеч қандай сеҳр-жодуга мурожаат қилинмайди.
Сюжетга мувофиқ, Жек Туллак кетма-кет омадсизликлардан сўнг навбатдаги муаммога дуч келади: қўрқинчли капитан Салазар бошчилигидаги қароқчилар арвоҳлари унинг кетига тушади; улар Бермуд учбурчагидан чиқиб олиб, барча тирик қароқчиларни, шу жумладан, уларнинг ўлимида асосий айбдор сифатида кўрилаётган Жекни йўқ қилишга бел боғлайди. Қутулишнинг ягона йўли денгизлар ва океанларни бошқариш имконини берадиган Посейдон уч айрили найзасини топишдир.

Кая Скоделарионинг ишонтиришича, фильм атмосфераси франшизанинг биринчи қисмига жуда яқиндир.
“Продюсерлар воқеани бошига қайтаришмоқчи. Бунинг учун қаҳрамонлар янги саёҳатга чиқиши, шунингдек, барча воқеаларни ўзаро боғлаб, томошабинларни янги сюжетга тайёрлаш талаб этилади”, — деди у Movie Pilot нашрига берган интервьюсида.

Картинада Скоделарио Карина Смит ролини ижро этди. Movie Pilot’даги интервьюсида актриса ўз қаҳрамонининг тақдирига икки оғиз тўхталди.
“Менинг қаҳрамоним – Карина – астроном, олима. У университетда ўқиш ҳуқуқи учун курашади, негаки у пайтлари аёлларга бундай имкон берилмаган. У Посейдон найзасини топиш учун йўлга тушади, бунда ўзига хос кундаликдаги ишоралардан фойдаланади. Йўлда у Жек Туллакни учратади, қароқчи эса, ҳар доимгидай, ҳамма нарсани бузади ва йўлдан оздиради. Бу мароқли ҳикоя бўлади”, — таъкидлади актриса.

2015 йил декабрида 5-қисм съёмкаси ниҳоясига етди ва пост-продакшн босқичи бошланди. Март ойида блокбастер ижодкорлари Жонни Депп қўлини жароҳатлагани боис суратга олиш жараёнини тўхтатиб туришга мажбур бўлди. Апрель ойининг охирида съёмкалар яна бошланиб кетди. Жараённи бир-йўла икки режиссёр бошқариб бормоқда — булар норвегиялик Хоаким Роннинг ва Эспен Сандберглардир.
Жонни Депп ва Кая Скоделариодан ташқари, картинада Хавьер Бардем (Капитан Салазар) ва Брентон Туэйтес (Уилл Тёрнернинг ўғли) кўринади.

Ўтган йил ёзида D23 Expo кўргазмаси чоғида Disney студияси вакили Уилл Тёрнер ролини яна Орландо Блум ижро этиши айтган эди. Кира Найтли эса лойиҳага қайтмайди. Шунингдек, Жеффри Раш яна капитан Барбосса образида катта экранларга чиқади.

Элдор Асанов тайёрлади

Top