19:08 / 08.01.2016
42630

Kun.uz cайти Абдумўмин Ўтбосаровни хотирлаб энг яқин ҳамкасблари билан суҳбат уюштирди

Абдумўмин Ўтбосаров 1960 йилнинг 24 апрелида Тошкент шаҳрида туғилган. 1986 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини тамомлади. Иш фаолиятини эса 1981 йилдан Адабий драматик кўрсатувлар бош муҳарририятида маъмур сифатида бошлаган. 1985 йилдан амалиётчи сухандон бўлиб ишлаган. Шу куйи 3-,2-,1-, ва ниҳоят олий тоифали дикторликкача кўтарилган.

Абдумўмин Ўтбосаров “Топган гул” номли ҳажвий шеърлар тўпламини нашр эттирган. “Бегона баҳор”, “Ҳаёт-мамот” сингари 7-8 фильмда роллар ижро этган. Узоқ йиллик меҳнатлари муносиб тақдирланиб, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” унвони билан тақдирланди.

31 декабрь куни телевидение орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янги йил табригини ўқиб эшиттирган Абдумўмин Ўтбосаровнинг саломатлиги кутилмаганда ёмонлашиб, юрак хуружи сабабли ҳаётдан кўз юмди. Kun.uz сайти халқнинг қалбидан чуқур жой олган ушбу инсон хотирасини ёд олиш, мухлисларга у кишининг инсоний фазилатлари, эфир, саҳна ортидаги ҳаёти тўғрисида қисқача маълумот бериш мақсадида Абдумўмин Ўтбосаров билан узоқ йиллар елкадош бўлган, ҳаётнинг енгил-оғир лаҳзаларини биргаликда ўтказган яқин дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдлари билан видеоинтервьюни ташкил этди. Қуйида мазкур интервьюнинг қисқа матнини ўқиш билан бир қаторда, махсус тайёрланган видеоларни томоша қилишингиз мумкин.

Муслимбек Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

Абдумўмин Ўтбосаров телеэкран, саҳналар ортида қандай инсон эди, деган саволга мендан ҳам аниқроқ жавоб берадиган одам бўлмаса керак. Аслида одамзод, эркак киши, ҳақиқий йигит қандай бўлиши керак, деган саволга кўп жиҳатдан Абдумўминнинг турмуш тарзи, ҳаётий принциплари, қилган амалларини мисол келтириб, уни намуна сифатида кўрсатса бўлади. Ҳозирги 70-80 фоиз йигитларимизга нима етишмаяпти? Етишмаётган нарса, менимча, сўзга вафо қилиш. Абдумўмин ҳеч қачон бир нарсани қилмаса гапирмас эди, агар гапирса, қилмасдан қўймасди. Сўзга амал қиладиган йигит эди.

Абдумўмин 80- йилларнинг бошларида менга рўбару бўлган бўлса, то ўша кундан охирги ўтган жойигача тиним билгани йўқ. У бир кун ҳам тиним билмади, иш жойида, иш вақтида дунёдан кўз юмди. Бундай меҳнаткаш инсонни кўрган эмасман. Аралашмаган, қизиқмаган соҳаси йўқ эди ва эринмасди. Шу менга оғир, демасди. Республиканинг қайси жойига ишга юборилмасин, қандай шароит бўлишидан қатъи назар, шу ишни қилиб келарди. 
Дунёда бахтли инсон бўлишни истасангиз, Муслимбек Йўлдошевга ўхшаган инсон бўлиб кўринг. Абдумўмин Ўтбосаровдек дўстингиз бор экан, демак сиз ҳам бахтиёрсиз. Ўлса куйишга арзийдиган, йиғласангиз кўз ёшингизга арзийдиган... 30 йилдан ортиқ вақт мобайнидан Абдумўмин билан дўст бўлиб, уни йўқотгандан кейин ҳақиқий дўстликнинг қандай экани, унинг кучи, залворини шу ёшга кириб энди тушуниб етгандирман... Охирати обод бўлсин...

Tas-x тизимида кўриш учун ҳавола.

Шуҳрат Қаюмов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

Илк бор эфирга чиққан вақтларимда бир марта эфирга чиқиб икки оғиз гапирсам, икки юз оғиз гап эшитардим. Яъни, уни бундай қилсанг яхши, буни ундай ўқисанг яхшироқ бўлади, қабилидаги гапларни кўп эшитар эдим. Абдумўмин ака бирор марта эфиримга бефарқ бўлмаган. Қачонлардир ёшлик қилиб, нега менга кўп гапиради, нима иши бор, деган ўй хаёлимдан ўтган бўлиши мумкин. Лекин бугун жуда миннатдорлигимни Абдумўмин аканинг ўзларига ҳам айтиб улгурганман. 
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейишади. Балки қачондир қадрига етмагандирмиз, қачондир ҳолларидан хабар олмагандирмиз. Абдумўмин ака жуда дилбар суҳбатли инсон эдилар. Бугун мана, йўқликларида сезиб турибман, тўйларимда ёнимда турдилар, онам вафотида ёнимда турдилар. Доим суянса бўладиган дўст эдилар...
Икки ўғлини уйлаб-жойлашга улгурмасдан кетдилар. Ҳаётдан умидлари катта эди. Аммо умр шу ерга келиб тўхташи керак экан. Тўхтаганда ҳам иш устида, халққа қувончли хабарни етказиш масъулияти устида аҳволлари оғирлашиб қолган.

 

Tas-x тизимида кўриш учун ҳавола.

Дилдора Рустамова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

Абдумўмин ака ҳақида ўтган замонда гапираётганимизга одамнинг ишонгиси келмайди. У киши тартиб-интизомни ниҳоятда яхши кўрар эдилар. Барча ишда тартиб бўлишини хоҳларди. Ишга масъулият билан ёндашар эдилар. Ўзлари масъулиятли, тартибли бўлгани учун шогирдларидан ҳам шуни талаб қилар эдилар. Ҳеч қачон ҳеч ерга кеч қолмаганлар. Бирор жойга боришга тўғри келса, бир икки дақиқа захираси билан ўз вақтида етиб келар эди.

Абдумўмин ака ҳаммамизни доғда қолдириб кетдилар. Ҳали қиладиган ишлари кўп эди. Биргаликда кўп ишларни олиб боришимиз керак эди. Илоҳим руҳлари шод бўлсин. Ҳар доим Абдумўмин аканинг хотирасини қалбимизда сақлаймиз...

Tas-x тизимида кўриш учун ҳавола.

Абдумўмин Ўтбосаровнинг ҳаёти суратларда

 

Репортажни суратга тушириш учун майдон тақдим этган “Зарқайнар” супермаркети маъмуриятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз

Top