21:54 / 19.01.2016
5430

Ўзбекистонда 2015 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 114,1 фоизлик ўсиш қайд этилди

Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 2015 йилнинг январидан декабригача бўлган муддат давомида 4603,8 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 114,1 фоизлик ўсиш қайд этилди. Тармоқда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг умумий саноат ҳажмидаги улуши 5,0 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда 2015 йил январь-декабрь ойларида республикада қурилиш материаллари саноатининг ривожланиши якунлари бўйича ҳисоботига асосланиб, Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берган.

Тармоқнинг йирик саноат корхоналари томонидан, ўтган йилга нисбатан қуйидагилар бўйича ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилишига эришилди: каолин – 4,7 мартага, листланган шиша – 25,8 фоизга, ишлов берилган мармар, травертин, алебастр ва улардан тайёрланган буюмлар – 17,1 фоизга, томга ёпиш учун керамик черепица – 16,7 фоизга, қурилиш учун (ўтга чидамсиз) керамик ғиштлар – 16,5 фоизга.

Шу билан биргаликда, йирик корхоналар томонидан 2014 йилнинг тегишли даврига нисбатан қурилиш учун қоришмалар ва аралашмалар ишлаб чиқариш 2,0 мартага, оҳактош ишлаб чиқариш 46,8 фоизга, портланд цемент ишлаб чиқариш 12,3 фоизга, гипс ишлаб чиқариш 5,4 фоизга ўсган.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмининг асосий қисми Тошкент (тармоқнинг умумий ҳажмига нисбатан 20,9 фоиз), Навоий (20,1 фоиз), Фарғона (12,5 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (11,2 фоиз) корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш ва кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чоралар бу тармоқда ҳам ушбу субъектлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг ўсишига олиб келди.

Натижада, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 124,4 фоизни ташкил этди ва жами саноат ҳажмидаги улуши эса 52,0 фоизга етди.

Ҳозирги пайтда республикада 5065та қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлиб, улардан 720таси 2015 йилда янги ташкил қилинган корхоналар ҳисобланади.

Top