11:22 / 01.02.2016
4219

Навоий КМКда тендер савдоларига қарши хатти-ҳаракатлар амалга оширган масъуллар жавобгарликка тортилди

Буюк Британиянинг Villamy LP компанияси мурожаати асосида, Давлат рақобат қўмитаси томонидан поршенли насос агрегатларини етказиб бериш бўйича “Навоий ТМК”ДК томонидан ташкил этилган тендер савдоларида монополияга қарши қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолати бўйича иш қўзғатилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берган.

Иш “Рақобат тўғрисида”ги Қонунинг 14 моддасига асосан, яъни НТМК томонидан Villamy LP компаниясини тендер савдоларидан асоссиз четлаштирилиши ҳолати бўйича қўзғатилган.

Ушбу қўзғатилган ишни кўриб чиқиш жараёнида, буюртмачининг ходимларидан тузилган баҳоловчи гуруҳ юқорида номи кўрсатилган тендер савдолари иштирокчиларининг берган таклифини муҳим аҳамиятга эга бўлмаган фарқланишлар асосида тендер ҳужжатлари талабларига мос келмаслиги ҳақида хулоса берилганлиги ва ушбу хулоса асосида тендер савдолари иштирокчиси тендер савдоларида қатнашишда кейинги босқичга ўтказилмаганлиги аниқланди. Ушбу кўрсатилган вазият тегишли ваколатга эга бўлган давлат органи хулосаси асосида тасдиқланган.

Шу билан бирга айнан шу баҳоловчи гуруҳ томонидан тендер савдоларининг бошқа иштирокчисининг таклифи ҳам кўриб чиқилган бўлиб, унинг тақдим этган ҳужжатлари ва тендер ҳужжатлари шартлари орасидаги фарқлар юқоридаги иштирокчининг таклифидаги фарқланишларга нисбатан муҳимроқ эканлигига қарамасдан ушбу иштирокчининг ҳужжатларини кейинги босқичда иштирок этиш учун ўтказилган.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида, НТМК томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузилган деган хулосага келинди.

Натижада, НТМК томонидан юқоридаги тендер савдолари бекор қилинди ва қайтадан тендер ўтказиш ҳақида эълон берилди.

НТМКнинг ушбу ҳолатга йўл қўйган масъул ходимлари ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Top