13:44 / 02.02.2016
3049

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Корея Республикаси Миллий сайлов комиссияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси М.Абдусаломов ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА) ҳамда Корея Республикаси Миллий сайлов комиссиясининг бош котиби Ким Ён Хи томонидан имзоланган ҳужжатда икки томоннинг сайлов тўғрисидаги қонунчиликни ва сайлов амалиётини такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш соҳасида ахборот алмашиш, сайлов жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилишга қаратилган қўшма тадбирлар ва лойиҳалар амалга ошириш назарда тутилган.

Маълумот учун, БСОА халқаро ташкилот сифатида 2013 йил октябрь ойида ташкил топган. Қароргоҳи Инчхон шаҳрида (Корея Республикаси) жойлашган. Ҳозирги вақтда у 102 мамлакатнинг 106та сайлов органини бирлаштиради. Ташкилотнинг мақсади очиқ, шаффоф сайловлар ташкил қилиш ва ўтказиш масалаларида ахборот ҳамда тажриба алмашиш бўйича халқаро ҳамкорликка кўмаклашишдан, шунингдек сайлов органларини демократик сайлов ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини, касбий даражасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда қўллаб қувватлашдан иборатдир.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси БСОАнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Top