20:04 / 02.02.2016
2648

Тошкентда соғломлаштириш ҳафталиги бошланди

Тошкентдаги кўп тармоқли туман марказий поликлиникалари ва бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида анъанавий чуқурлаштирилган тиббий кўрик бошланди.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирга туман тиббиёт муассасаларининг тор мутахассислари, оила шифокорлари билан бир қаторда Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, ОИТСга қарши кураш маркази, Саломатлик ва тиббий статистика институти Тошкент шаҳар филиалининг малакали шифокорлари, Она-бола скрининг хизмати вакиллари ҳам жалб этилди.

ЎзА маълум қилишича, ҳафталик мобайнида тиббий кўрик билан бир қаторда тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам ўтказилади. Белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикка жалб этишнинг аҳамияти, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ ҳолатлари, ОИВ, гиёҳвандлик ва бошқа иллатларнинг келажак насллар саломатлигига салбий таъсири хусусида мулоқотлар уюштирилади.

Top