11:58 / 03.02.2016
15814

Манба: Афғонистон ва Тожикистон чегараси бўйлаб 5 минг нафарга яқин жангари жойлашган

Душанбедагилар расмий Кобулнинг мамлакат ҳудудидаги жангариларни назорат қила олмаётганидан хавотирларини билдиришмоқда. ТАСС нашри мухбирининг Тожикистон Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси вакилига асосланиб хабар беришича, айни вақтда икки мамлакат чегараси бўйлаб 5 минг нафарга яқин жангарилар жойлашган.

"Бизнинг махсус хизматлари қўшни мамлакатдаги жангарилар ҳаракатини жиддий кузатиб боришмоқда. Афғонистоннинг Қундуз вилояти билан чегарадаги Панж чегара пунктида қатъий тартиб ўрнатилган", дейди манба.

Бундан олдинроқ, Афғонистондаги нашрларда Имом-Соҳиб уездида юзлаб хорижий ёлланма жангарилардан иборат бўлинма пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Хабарларда айтилишича, Афғонистон ва Тожикистоннинг 1344 километрлик чегараси бўйлаб 5 минг нафарга яқин жангари ўрнашиб олган.

Манбанинг айтишича, бу жангарилар "Толибон" аъзолари, "Ўзбекистон ислом ҳаракати" вакиллари, "Жамоати Ансоруллоҳ" гуруҳи жангариларидан иборат. Уларнинг таркибида келиб чиқиши тожикистонлик бўлганлар сони кўпчиликни ташкил қилади.

Айни вақтда Тожикистон ҳудудида Россиянинг 201-ҳарбий базаси жойлашган. Шунингдек, Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов раҳбарлигидаги ҳарбий делегация ҳам Тожикистонда бўлиб турибди ва тожикистонлик ҳамкасблари билан КХШТ доирасида тузилган битимларнинг амалиёти бўйича муҳокамалар ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 14-15 сентябрь кунларида Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти (КХШТ) кенгаши ўтказилганди. Унда минтақадаги эҳтимолий таҳдидлар муҳокама этилганди. Иштирокчилар Душанбе саммитида бир қатор ҳужжатларни имзолашди. Жумладан, ҳарбий қисм ва бошқа гуруҳларини, ҳарбий техника ва ускуналарни ташиш ҳақидаги ва Ташкилотнинг 2016 йил бюджети.

КХШТ мақсади – тинчликни, халқаро ва ҳудудий хавфсизликни мустаҳкамлаш, аъзо мамлакатларнинг мустақиллигини ва ҳудудий бўлинмаслигини таъминлаш. Ташкилот аъзолари ушбу ташкилотда ўз ихтиёрлари билан, бошқа аъзоларнинг мустақиллигини сўзсиз тан олган ҳолда ва бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик шарти билан қатнашади.

Ташкилот 2002 йилда ташкил қилинган бўлиб, унга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради. Ўзбекистон 2012 йилда КХШТ аъзолигидан чиққан.

Top