10:20 / 06.02.2016
2788

Тайвандаги зилзила туфайли шаҳарда қулаб тушган бошқа бинолар ҳам борлиги айтилди

6 февраль кунига ўтар кечаси Тайванда содир бўлган 6,7 магнитудали зилзила туфайли қулаб тушган 17 қаватли бино харобалари остидан яна 2 кишининг жасади чиқариб олинди ва қурбонлар сони айни дамда 5 нафарни ташкил қилмоқда. Шунингдек, 316 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Япониянинг Киодо ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Ҳозирча зилзила келтирган барча талофат миқдори ўрганилмоқда. Манбаларда ёзилишича, бу зилзила орол жанубидаги 5та катта бинога жиддий зарар етказган. Зилзила таъсири кучли бўлган Тайван жанубидаги Тайнань шаҳрида жами 1,8 млн киши истиқомат қилади.

Бу шаҳардаги асосий талофат 17 қаватли бинонинг қулаши билан боғлиқ. 150 оила истиқомат қилган бу бино қулагач, харобалар остидан шу вақтгача 221 киши чиқариб олинди. Вайроналар остида яна 70 нафар киши қолаётгани айтилган.

Баъзи манбаларда ёзилишича, шаҳарнинг бошқа қисмидаги 16 ва 7 қаватли бинолар ҳам зилзила туфайли жиддий шикастланган. Бу ерларда ҳам эвакуация ишлари олиб борилган. Зилзиладан шикастланган Савдо мажмуаси биносидан 70 киши эвакуация қилинган.

Айни вақтда Тайван маъмурияти бошлиғи Ма Инцзю Тайнанга ташриф буюрган ва муҳтожларга барча зарур ёрдамлар берилишини кўрсатма қилган.

Жами аҳолиси 23 млн киши бўлган Тайван Тинч океанининг сейсмик ҳаракатлар фаол минтақасида жойлашган. 1999 йилнинг сентябрида оролда 7,6 балли зилзила рўй берган ва ўшанда 2,4 минг киши ҳалок бўлганди.

Хитой Тайвандаги зилзила оқибатларига қарши курашда ёрдам беради

Top