18:20 / 06.02.2016
5872

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ташкил қилинган куни нишонланди

5 февраль куни Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг 14 йиллиги муносабати билан хайрия концерти ўтказилди.

“Эзгулик наволари” номи остидаги хайрия концерти ТХВУда 2012 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Бу йилги концерт дастурида ўз даврининг гўзаллигини қамраб олган жазз йўналиши танланди.

Анъанага кўра, тадбирнинг бошланишида ўтган йил натижалари ва университет ривожланишининг устувор йўналишлари айтиб ўтилди. Қувонарлиси, ТХВУ профессор-ўқитувчилари ўтказган изланишларга дунё тадқиқотчилари ҳам тез-тез мурожаат қилишлари маълум бўлди, бунга 2015 йилда RePEc (Repository of Papers in Economics) йиллик рўйхатига кўра университетимиз энг кўп иқтибос келтирилган (электрон манзилига мурожаат қилинган) таълим муассасалари рўйхатининг етакчилари қаторида эканлиги далил бўла олади. Шунингдек, хорижий университетлар билан тадқиқотчилар ташрифи алмашиш дастури ташкил этилди ва 2015 йилда учта тадқиқотчи ТХВУга ташриф буюришди. Бундан ташқари, бу йил Келажак Таълими Дастури (Learning Futures Project) доирасида янги ўқув дастури тадбиқ этилди. Ушбу дастур Лондондаги Вестминстер университетининг профессор-ўқитувчилари ташаббуси бўлиб, ТХВУ тарихида алоҳида ўрни бор, чунки кейинги ўқув йилидан бошлаб университетда янги қизиқарли фанлар ва ўқув жараёнида инновацион технологиялар жорий этилади.

Университет Бирлашган Миллатлар ташкилоти Тараққиёт Дастури, Осиё тараққиёт банки, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорлик қилади. Университетда доимий равишда ҳаммага очиқ бўлган тадқиқот семинарлари ўтказилади. Ушбу семинарларни амалий фанларда ва тегишли соҳаларда катта амалиётга эга бўлган профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар олиб боришади. Университет маданий ҳаёти 2015 йилда тадбирларга бой бўлган, жумладан, анъанавий маданият ва санъат кунлари, давлат байрамларига бағишланган тадбирлар, санъат тўгараклари мастер-класслари ўтказилди.

Байрам концерти дастури университетнинг истеъдодли талабаларининг ёрқин чиқишлари билан бир қаторда, Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов, “Зўр-зўр стар” танлови ғолиби Улуғбек Халиков ва Россия “Голос. Дети” телетанлови ғолиби Сабина Мустаева ижросида жазз композициялари янгради.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, концертнинг хайрия шаклида ўтказилиши 2012 йилдан бери анъанага айланиб қолган. Бу йил эса ТХВУ ва лицейи талабалари орқали йиғилган барча маблағлар лейкемияга чалинган болаларни даволаш учун йўналтирилади.

Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) 2002 йил 16 январь, Лондон шаҳридаги Вестминстер Университети (Буюк Британия) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умид” жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган. ТХВУ Марказий Осиёдаги халқаро тоифадаги аккредитациядан ўтган биринчи университетдир. 14 йил мобайнида Университетни 1700 дан ортиқ талаба тамомлади ва ҳозирги кунда улар юртимизнинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Top