10:19 / 07.02.2016
4278

АҚШ молия вазирлиги: 2015 йилда рекорд сондаги америкаликлар АҚШ фуқаролигини олишни рад этди

2015 йилда АҚШ фуқаролиги ёки бу мамлакатда узоқ муддатли яшаш учун рухсат олишни рад этган одамлар сони рекорд даражадаги 4729 кишини ташкил қилди. Бу ҳақда Washington Times газетаси АҚШ молия вазирлиги расмий маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

2015 йилнинг 4-чорагининг ўзида 1058 киши фуқаролик олишни рад этган. Нашрнинг таъкидлашича, бу кўрсаткич 1998 йилда молия вазирлиги шундай маълумотларни йиғишни бошлагандан бери рекорд кўрсаткич бўлди. 1998 йилда бундай кишилар сони 398 нафарни ташкил қилган ва кейинги йилларда мунтазам ошиб борган. Бироқ 2006-2008 йилларда бу кўрсаткич кескин пасайган ва 2008 йилда 231 кишини ташкил қилган. 2012 йилда ҳам бу кўрсаткич 2011 йилдаги 1781 нафардан 932 нафаргача пасайган. Шундан кейин у уч йилдан бери ошиб келмоқда.

"Кўринишича, АҚШ фуқароси паспортига ёки узоқ муддатли яшаш учун рухсатга эга бўлиш мамлакатнинг солиқ қоидаларига амал қилишга кетадиган ташвиш ва харажатларга арзимайди", деб айтмоқда халқаро ҳуқуқ бўйича мутахассис Эндрю Митчелл.

Экспертларнинг фикрича, АҚШ фуқаролигини рад этаётган одамлар сонининг кўпайиши Вашингтон 5 йил аввал ўз активларини хорижда яшираётганларга қарши кампанияни бошлагани билан боғлиқ. 2009 йилда Швейцариянинг энг йирик банки UBS АҚШ ҳукумати томонидан суд орқали америкалик омонатчиларга солиқдан қочишга ёрдам беришда айбланиб, 780 млн долларлик жарима тўлашга ва 4 мингдан кўпроқ мижози ҳақидаги маълумотни ошкор этишга мажбур бўлган. Шу воқеадан кейин яна бир неча йирик халқаро банклар Вашингтон санкцияларига тушишдан хавфсираб, АҚШ солиқ бошқармаси билан америкалик мижозлари ҳақидаги маълумот билан бўлишишни афзал кўрган. Натижада АҚШ хорижда ўз активларини беркитган жисмоний шахслар ва молиявий компаниялардан 2009 йилдан бери солиқ ва жарима сифатида 13,5 млрд доллардан кўпроқ пул ундирган.

Нашр маълумотларига кўра, солиқни тўлаш бошқа давлатларда яшовчи 7 млн америкаликларга "ортиқча юк" бўлмоқда. Гап шундаки, АҚШда бошқа давлатлардан фарқли равишда, хорижда даромад олаётган фуқароларидан ҳам солиқ олинади. Шу тариқа, хориждаги америкаликлар ҳам хорижий давлатга, ҳам АҚШга солиқ тўлашга мажбур бўлмоқдалар. Қонунчиликни бузганлик учун жарима йилига 70 минг долларни ташкил қилиши мумкин.

Top