15:20 / 08.02.2016
11081

Ўзбекистонда Навоийхонлик ва Бобурхонлик кечалари ўтказилмоқда

Миллатимиз маънавияти ва адабиётининг сўнмас сиймолари Мир Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди юртимизнинг барча муассаса ҳамда ташкилотларида кенг нишонланмоқда. Даҳоларнинг бебаҳо асарлари маънавий теранлиги ҳамда бадиий юксаклиги билан башарият мулкига айланган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Мутафаккирнинг бой мероси, асарларида улуғланган миллий ва умумбашарий ғоялар инсонни тарбиялайди, эзгуликка чорлайди. Тадбирда алломанинг ана шундай ўлмас асарларидан намуналар ижро этилди. Таниқли санъаткорлар, халқаро танлов ва фестиваллар ғолиблари, ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистон тарихи давлат музейида Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўзгача руҳда кечди.Унда Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олима Суйима Ғаниева талаба-ёшларга Навоий ҳаёти ва ижодий фаолияти, унинг бадиий-илмий мероси, мамлакатимизда улуғ шоирга кўрсатилаётган эҳтиром, шоир асарларининг навқирон авлод тафаккурини бойитишдаги ўрни ҳақида сўзлаб берди. Тадбирда Тошкент давлат педагогика университетининг “Олтин мерос” ансамбли иштирокчилари ижросида Алишер Навоий ғазалларига битилган куй-қўшиқлар ижро этилди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳам “Бу гулшанда барҳаётдир назм ва наво” номли маънавий-маърифий кеча ўтказилди. Тадбирда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларидаги эзгу ғоялардан ёшларимизни баҳраманд этиш, йигит-қизларни буюк аждодларимиз меросига юксак эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётган таъкидланди. Кечада Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқиди. Навоий ва Бобур ҳақидаги фильмлардан лавҳалар намойиш этилди. Шунингдек, институт ўқитувчи ва талабалари томонидан Алишер Навоий асарлари асосида саҳналаштирилган спектакль йиғилганларга манзур бўлди.

Top