13:57 / 08.02.2016
6901

Ўзбекистонлик ҳайдовчи АҚШдаги автоҳалокат натижасида вафот этди

5 февраль, жума куни эрталаб соат 05:10 да Виржиния штатида содир бўлган ЙТҲда ўзбекистонлик Хуршид Бозоров оламдан ўтди. Бу ҳақда Whsv.com интернет-нашрига таяниб «Qalampir» нашри хабар тарқатди.

Виржиниянинг I-81 шимолий йўлида Volvo юк ташувчи автомобилини бошқариб келаётган Ўзбекистон фуқароси номаълум сабабларга кўра йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, йўл четидаги тўсиққа урилган. Зарб натижасида бир неча тонналик юк ташувчи машина ағдарилиб кетган ва йўлнинг ўнг томонига сирғалиб борган. Автоҳалокат оқибатида 30 ёшли Хуршид Бозоров воқеа жойида вафот этди. Тахминларга кўра, ҳайдовчи юк машинасини бошқариб кетаётган маҳал ухлаб қолган.

Манбага кўра, Хуршид Бозоров 30 ёшда бўлган. У 3 нафар фарзанднинг отаси эди.

Бугун тонгдан бошлаб ижтимоий тармоқларда Хуршид Бозоровни таниган-танимаган ўзбекистонликлар унинг суратларини саҳифаларига жойлаб, оила аъзоларига ҳамдардлик билдиришмоқда. Марҳумнинг оила аъзоларига ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган кўнгиллилар учун Хуршид Бозоровнинг турмуш ўртоғи Дилдора Остонованинг номига банк ҳисоб рақами очилган. Маълумотларга қараганда, Хуршид Бозоровнинг жасади 11 февраль куни Тошкентга олиб келинади.

Top