09:10 / 09.02.2016
53179

АҚШ разведкаси Шимолий Корея сунъий йўлдошининг носозлигини маълум қилди

Фото: dw.com

Шимолий Корея томонидан 7 февралда учирилган сунъий йўлдош носоз аҳволда: у орбитада умбалоқ ошиб ётибди ва сигналлар узатмаяпти. Бу ҳақда 9 февралда АҚШ ҳарбий манбаларига иқтибос келтирган ҳолда CBS телеканали маълум қилди.

Орбитага олиб чиқилган қурилма 100 кг келади. У тахминан 480 км баландликда жойлашиб, шимолдан жанубга томон ҳаракатланмоқда. Бироқ унинг орбитаси беқарор, деб айтмоқда телеканал.

Пхеньяннинг таъкидлашича, йўлдош об-ҳаво шароитларини кузатиш, фойдали қазилмаларни топиш, ерга ўрмонлар ҳақида маълумотларни бериш учун мўлжалланган. Бу маълумотлар мамлакат қишлоқ хўжалигига ёрдам бериши керак. Бироқ йўлдош ҳозирча ҳеч қандай сигналлар узатмаган.

Шимолий Кореянинг таъкидлашича, аввалги йўлдош Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сен ва унинг ўғли Ким Чен Ир ҳақида қўшиқлар узатган. АҚШлик ҳарбийлар буни инкор этишмоқда, ўша йўлдош ҳам ишламаган.

Пхеньян учирилган йўлдошнинг 4-йўлдош эканлигини айтмоқда. АҚШ разведкаси эса фақат иккитагина йўлдош учирилганини таъкидламоқда, аввалгиси 2012 йилда учирилган.

Kwangmyongsong-4 (Ёрқин юлдуз-4) йўлдоши 7 февралда орбитага узоқ масофага учувчи ракета орқали орбитага олиб чиқилган.

Жаҳон ҳамжамиятида йўлдошнинг учирилиши БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Кореяга баллистик технологиялар қўллаган ҳолда ракеталар учиришини тақиқловчи резолюциясининг бузилиши деб қабул қилинди. Ўша куниёқ йиғилган Хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореянинг бу ҳаракатларини қоралади ва "жиддий жавоб чоралари" кўришга ваъда берди.

Top