12:03 / 10.02.2016
17585

Самарқандда бир неча жиноятларни содир этган гуруҳ қўлга олинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ИИБга шу туманда истиқомат қилувчи фуқаро икки нафар йигит уни калтаклаб, ёнидаги пуллари ва телефонини тортиб олгани ҳақида шикоят аризаси ёзди. Суриштирув-тергов жараёнларида бу жиноятни мазкур туманда истиқомат қилувчи икки нафар шахс амалга оширгани маълум бўлди.

Аниқланишича, жабрланувчи бир таниш аёлиникига меҳмонга борган. Бу орада хонадонга яна икки нафар йигит кириб келади. Кетар чоғида уй эгаси бўлган аёл унга “сизни йигитлар кузатиб қўйишади”, дейди. Ва бояги икки йигитга “Чолнинг пули кўп, менинг улушимни ҳам ташлаб кетарсизлар”, деб шипшитади.

Йўл-йўлакай икки ёш йигит олтмиш ёшлар атрофидаги кишига “пиво олиб бермайсизми”, дейишади. У эса “келаси сафар, бугун кетишим керак”, дейди. Йигитлар бунга кўнмай, дағдағага ўтишади. Рози бўлмагач, иккови уни роса дўппослашади ва ёнидаги пулларни, телефонини олиб қўйишади.

Тергов жараёнларида бу икки айбланувчи аввалроқ ҳам турли жиноятларни содир этгани маълум бўлди. Улар уюшган ҳолда дастлаб ижарада яшовчи ҳарбий хизматчининг уйига ўғирликка тушиб, телевизор ва DVD қурилмасини олиб чиқиб, сотишади. Камига хонадон эгасининг ҳужжатларини ҳам йўқ қилиб юборишади.

Кейинроқ яна бир хонадонни ўмариб, уй эгасини калтаклашади. Бир муддат ўтиб, пайнет шоҳобчасига ўғирликка тушишади ва у ердан нархи бир миллион сўмлик ноутбук ва жами 330 минг сўмлик ваучер пул карталарини ўмаришади. Жиноятчилар топилган барча пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.

Қизиғи шундаки, жабрдийларнинг оҳиргисигина жиноят ҳақида тегишли органларга мурожаат қилган. “Агар бошқалар ҳам шундай йўл тутишганида, балки кейинги жиноятларнинг олди олинган бўлармиди”, деб ёзади “Postda” газетаси.

Top