14:42 / 12.02.2016
7133

Ака-ука Синдоровлар шахмат бўйича чемпионликни қўлга киритди

Тошкентда шахмат бўйича 8 ёшдан 12 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати якунланди. Мусобақада икки юзга яқин иқтидорли шахматчи ғолиблик учун баҳслашди.

Тўққиз турдан иборат мусобақанинг ўн икки ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳслари пойтахтлик Жавоҳир Синдоровнинг ғалабаси билан якунланди. У 9 очко билан чемпионликни қўлга киритди. 6,5 очкодан жамғарган Самандар Шермуҳаммадов иккинчи, Маҳмудбек Холмуродов учинчи ўринни эгаллади.

Ушбу ёш тоифасидаги қизлар баҳсида пойтахтлик Юлия Хегай тўққиз имкониятдан 7,5 очко жамғариб, биринчи ўринни эгаллади. Жиззахлик Севинчи Ҳотамова ва пойтахтлик Самира Олимжонова 6,5 очко билан кучли учликни якунлади.

Ўн ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Исломбек Синдоров ҳам мусобақа давомида бирон марта мағлубиятга учрамади. Тўққиз имкониятдан етти очко жамғарган Исломбек олтин медалга сазовор бўлди.

Етти очко жамғарган яна бир шахматчи Файзулло Ҳалимжонов қўшимча кўрсаткичлар бўйича кумуш медалга лойиқ топилган бўлса, 6,5 очко тўплаган Шодиёр Шукуралиев бронза медаль билан тақдирланди.Қизлар баҳсида совринли ўринлар пойтахтлик шахматчиларга насиб этди. Мафтуна Бобомуродова 7,5 очко билан биринчи, Моҳинур Ҳабибуллаева ва Зуҳра Маннопова 7 очко билан иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.

Саккиз ёшгача ўғил болалар ўртасида тошкентлик Ҳумоюн Бегмуродов тўққиз имкониятдан 7,5 очко тўплаб, чемпион бўлди. Ундан атиги ярим очко кам жамғарган самарқандлик Акобирхон Сайдалиев кумуш, тошкентлик Алихон Авазхонов 6,5 очко билан бронза медални қўлга киритди.

ЎзА фотомухбири Муҳаммад АМИН

Top