23:10 / 16.02.2016
3973

Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси электр энергетика соҳасидаги лойиҳаларга 916 млн доллар ажратади

Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси 2016-2019 йилларда "Ўзбекэнерго" АЖга электр энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 916 млн доллар ажратади, деб хабар бермоқда компания вакили.

"Ўзбекистон Президенти қарори билан жамғарма маблағларини жалб қилган ҳолда 2016-2019 йилларда амалга ошириладиган 6 та инвестицион лойиҳа манзилли дастури тасдиқланган", деб айтди вакил.

Хусусан, жамғарма 4 та иссиқлик электростанциясида умумий қуввати 1928 МВтни ташкил қилувчи 5 та буғ-газ ва 4 та газ-турбина қурилмаси қуриш учун 675,2 млн доллар ажратади.

Жамғарма Самарқанд вилоятида 100 МВт ли гелиостанция қуриш учун 110 млн доллар ҳамда "Ўзбекэнерго" тизимидаги 220-500 Кв ли 22 та подстанцияда ускуналарни алмаштириш учун 65 млн доллар кредит ажратади.

Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси 2006 йил майида Ўзбекистон инвестиция дастурига киритилган муҳим инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун яратилган. Жамғармасининг таъсисчиси Ўзбекистон молия вазирлиги тимсолида Вазирлар Маҳкамаси ҳисобланади. 2020 йилда жамғарманинг устав капиталини 25 млрд долларгача етказиш режалаштирилмоқда. 2015 йил бошида бу қиймат 15 млрд долларни ташкил қилган.

Top