15:24 / 18.02.2016
3299

Brent маркали нефтнинг баррели 35 долларга кўтарилди

18 февраль куни ICE лондон биржасида Brent маркали нефтнинг апрель фьючерслари 8,3 фоизга кўтарилиб, бир баррель нефть нархи 35 долларга етди.

Шунингдек, Американинг WTI март фючерслари 7,2 фоизга қимматлаб, 31,3 долларга кўтарилди.

Нефть нархи ошишига Эроннинг ёқилғи билан боғлиқ барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр экани ҳақидаги ваъдалари сабаб бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақида 17 февраль куни бўлиб ўтган Эрон, Венесуэла, Ироқ ва Қатар нефть вазирлари ўртасидаги мулоқот чоғида Эрон Ислом Республикаси нефть вазири Бижан Намдар Зангане айтган.

Қолаверса, нархнинг ошишига Америка нефть институтининг ҳисоби ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Ҳисоботда айтилишича, ўтган ҳафтада АҚШ нефть захираси 3,3 миллион баррелга қисқарган. Ундан аввалги ҳафтада эса 2,4 миллион барреллик кўтарилиш қайд этилганди. Таҳлилчилар нефть захиралари 3 миллион баррелга ошишини тахмин қилганди, деб ёзади РИА Новости.

17 февраль куни Техронда Эроннинг нефть қазиб олиш ҳажмини 2016 йилнинг январь ойидаги ҳолатини сақлаб қолишга қўшилиши бўйича мулоқот бўлиб ўтди. Бу сўнгги 15 йилдаги нефть қазиб олувчи давлатларнинг энг йирик битими, дейиш мумкин.
Бир кун аввал Доҳа шаҳрида ОПЕКка аъзо мамлакатлар — Саудия Арабистони, Қатар, Венесуэла вакиллари ва Россия энергетика вазири Александр Новак 2016 йилдаги нефть қазиб олиш ҳажмини, агар бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам қўллаб-қувватласа, жорий йилнинг январь ойи кўрстакичлари бўйича музлатиб қўйиш ҳақида келишиб олишганди.

Top