19:23 / 18.02.2016
3458

Caterpillar тепловизорга эга биринчи смартфон ишлаб чиқарди

Caterpillar компанияси ички ўрнатилган тепловизорли биринчи смартфон ишлаб чиқарди. Бу ҳақда The Verge нашри хабар бермоқда.

Тепловизор ўрганилаётган сирт ҳароратининг тақсимланишини кузатиш учун мўлжалланган инфрақизил камера бўлиб, турли ҳарорат тепловизор дисплейида турли рангда тасвирланади, бунда маълум ҳароратга маълум ранг тўғри келади.

Янги Caterpillar S60 флагман смартфони FLIR тепловизори ва сувга чидамлилик стандартини олди. Бу стандарт смартфонга 5 метр чуқурликда 1 соатгача қолишга имкон беради.

FLIR Systems компанияси иссиқлик камералари ишлаб чиқаради ва Caterpillar S60 смартфонида бундай камера биринчи марта алоҳида қурилма сифатида қўлланмай, балки ички ўрнатилган. У реал вақтда атроф-муҳитнинг иссиқлик тарқатишини кўришга имкон беради ҳамда уни "термо-видео" кўринишида ёзиб олади. Тасвирга олиш қобилияти VGA (640x480 нуқта) формат билан чекланган.

Caterpillar S60 смартфони, шунингдек, Snapdragon 617 процессори, 4,7-дюймли экран, 3 Гб тезкор хотира ва 32 Гб ички хотира билан таъминланди. Асосий камера 13 Мп ли, фронтал камера 5 Мп ли. Бундан ташқари, смартфон Gorilla Glass 4 ҳимояси билан жиҳозланган. Смартфоннинг тахминий нархи 599 долларни ташкил қилади.

Top