15:22 / 19.02.2016
15290

4 кишининг ҳаётига қасд қилиб, 80 млн сўм ўғирлаган сурхондарёликка жазо ҳукми ўқилди

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида туғилган Фарҳод Пўлатов тўрт кишининг ҳаётига қасд қилиб, 80 миллион сўмни ўғирлаб кетган.

Маълум бўлишича, Тошкентга иш қидириб келган ангорлик Фарҳод Пўлатов жўяли иш ва маблағ топилмагач, уйига қайтмоқчи бўлиб, Сурхондараёга қатнайдиган таксилар жойига келади. Шу пайт 3та қора пакетда пул кўтарган одамга кўзи тушиб, нияти бузилади ва унинг изидан тушади. Бу пулларни таксичи Хоразмга етказиб бериш учун олиб кетаётганди. Хаёлида зудлик билан режа тузиб, Фарҳод ҳам хоразмлик таксичининг автомобилига ўтиради. Кета-кетгунича қандай қилиб, уларни олиб қочиш ҳақида ўйлаб, фурсат кутиб боради.

Автомашина Бухоро вилояти, Ромитан туманида “Ғузор-Нукус” йўналишидаги метан гази қуйиш шохобчасига тўхтайди. Ҳайдовчининг пулнинг эгаси билан гаплашаётганидан фойдаланиб, ёнидан пичоқ чиқаради ва мудраб ўтирган йўловчиларга ташланади. Улар жон ҳолатда машина тушгач, рулга ўтириб, автомобилни олиб қочади.

Жиноятчи қўрқув ва турли шубҳа-гумонлар билан катта тезликда кетаётиб, автомашинани газ қувурига бориб уради. Одамлар унга ёрдам беришади. Бир оз шикастланган жиноятчи автомобилни қишлоқда қолдириб, 80 миллион сўмни олганича Бухоро шаҳри сари йўлга чиқади.

Кейин маълум бўлишича, у ўтирган автомобиль эгаси ички ишлар тизимида кўп йиллар ишлаб, нафақага чиққан киши эди. Жиноятчилар психологиясини жуда яхши билган собиқ ҳуқуқ тартибот органи ходими унинг хатти-ҳаракатларини англаб, шубҳали “йўловчи”ни керакли ташкилот вакилларига топширган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди Ф.Пўлатовни 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақида “Ҳуқуқ” нашри маълум қилган.

Top