19:42 / 21.02.2016
7849

Ўзбекистон Сенатида прокуратура органлари назорати бўйича комиссия ташкил этилди

2016 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда прокуратура органлари устидан парламент назорати самарадорлигини ошириш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон» ахборот агентлиги хабар берган.

Йиғилиш якунларига кўра, палаталар кенгашлари Сенат қошида прокуратура органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича комиссия ташкил этиш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди.

Бундан кўзланган мақсад – прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатларини янада такомиллаштириш, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ўстириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш.

Комиссия зиммасига прокуратура фаолияти, прокуратура органлари томонидан ўз вазифаларининг бажарилиши устидан самарадор назорат олиб бориш юкланади.

Қарорда белгиланишича, Комиссия аъзолари Сенат томонидан сенаторлар орасидан, республиканинг барча минтақаларининг вакили бўлган 15 кишидан иборат таркибда Сенат ваколати муддатига сайланади.

Комиссия ўз олдига қўйилган вазифалар бажарилишининг бориши тўғрисида бир йилда икки марта Сенат Кенгаши олдида ҳисоб бериши белгилаб қўйилди.

Top