18:07 / 23.02.2016
19453

Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбарлиги лавозимидан кетишга тайёрлигини маълум қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров узоқ вақт давомида ўз ўрнида қолишни истамаслигини билдириб ўтди. У «Русской службе новостей» радиостанциясига берган интервьюсида сайловдан кейин республикани бошқаришини, муддати тугагач лавозимини тарк этишга тайёрлигини айтиб ўтган.

"Қодиров давом эттиришни истайдими? Мен истамайман. Ҳозир иқтисодий ва ижтимоий нуқтаи назарлардан бошқача даврдир. Бизда янада профессионалроқ одамлар бор. Мен ҳисоблайманки ўз бурчимни адо этдим. Бизни етаклаётган, текшираётган, кўраётган, мувозанатга келтираётган одамларга келажакдаги ривожланиш учун нима кераклиги яхшироқ кўринади. Жамоа бор, мамлакат президенти бор", – дейди Қодиров.

У ўзини оддий пиёда ҳисоблашини, унга "олға юр дейилса, буйруқни бажаришини, яъни давлатга хизмат қилишда давом этишини, бордию хайрлашишмоқчи бўлишса, бунга ҳам рози бўлишини" қўшимча қилган.

Маълумот учун, Рамзан Қодировнинг Чеченистон президенти сифатидаги ваколат муддати 2016 йилнинг 5 апрель куни якунланади.

Бундан олдинроқ, у ўз инстаграмида навбатдаги президентлик учун номзодини қўйиш бўйича бир қарорга келмаганини ёзганди. У бу ҳақда ўйлаб кўрмаганини, Чеченистон раҳбарини Россия президенти танлаши кераклигини қўшимча қилган.

Top