08:42 / 26.02.2016
6119

Guardian нашри Трампнинг президент курсисидаги илк 100 куни қандай бўлишини тасаввур қилиб кўрди

The Guardian нашри АҚШ президенти лавозимига номзодлардан бири Дональд Трамп, агар президент бўлса, унинг президент курсисидаги илк 100 куни қандай бўлишини тасаввур қилди.

Нашрнинг фаразича, Трамп президент бўлса, унинг ҳозирги рақибларидан бири Марко Рубио ёки Трамп доимо "ақлли йигит" деб атайдиган Тед Круз вице-президент лавозимини эгаллаши мумкин. Круз, ўз навбатида, Трамп ҳокимият тепасига келса, маъмурият қандай бўлишини айни вақтда айтиш мушкуллигини айтди.

"Ҳақиқат шундаки, агар Дональд Трамп ҳокимият тепасига келса, у нима қилишини ҳеч ким айтиб беролмайди. Буни ҳаттоки унинг ўзи ҳам айтолмайди", деб таъкидлади Круз.

Нашрнинг тасаввурича, Трамп пайтида армияни сақлаш учун харажатлар ошади. Бироқ Трамп халқаро сиёсат масалаларида унча фаол бўлмайди. Ҳанузгача у Яқин Шарқдаги ишларга катта қизиқиш билдирмаган ва аралашмаган. Тахминча, Трамп Суриядаги вазиятни ҳал қилишни Россия президенти Владимир Путин ихтиёрига тўлиқ қўйиб бериши мумкин.

Шунингдек, Трамп ҳокимлик қилганда ҳам, Обама ёпишни ваъда қилган, Кубадаги Гуантанамо ҳарбий базасидаги турма ёпилмайди.

"Биз уни ёмон йигитлар билан тўлатамиз. Биз уни очиқ қолдирамиз", деб айтганди Трамп нутқларидан бирида.

Трамп президентлигида миграция масалаларига тўхталадиган бўлса, АҚШдан ҳужжатга эга бўлмаган 14 млн муҳожир депортация қилиниши мумкин.

Яна бир жиҳат – АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо алоқаларининг қайта кўриб чиқилиши бўлиб, бироқ бу ерда Пекин ёки АҚШ конгресси икки давлат ўртасидаги савдо келишувини қайта кўриб чиқишни рад этиши мумкин.

Top