17:14 / 26.02.2016
3787

Ҳиллари Клинтоннинг ИШИД сўзи талаффузи билан ўхшаш лақабли мушуги бўлганини эслаб қолишди

АҚШ президентлиги учун сайловда демократлар партиясидан номзод бўлган Ҳиллари Клинтоннинг Айсис лақабли мушуги бўлганига эътибор қаратишди. New York Daily News нашрида ёзилишича, бу сўз ИШИД сўзининг инглизча аббревиатураси (ISIS) каби ўқилади.

Ўз навбатида Клинтон хонимнинг мушугига лақаб Қадимги Миср илоҳаларидан бири Исида шарафига берилгани айтилган.

Клинтон хонимнинг уйидаги бу жонивор ҳақида 25 февраль куни Politico нашри мухбири Карли Кариоли ўз твиттерида АҚШнинг собиқ давлат котиби хотираларидаги суратлардан бирини нашр қилгач билиб қолишди. Кариолининг айтишича, унга 16 ёшли қизи Клинтон хонимнинг Айсис лақабли мушуги бўлгани ҳақида айтган.

Ҳиллари Клинтоннинг хотиралари ёзилган Living History номли китоб 2003 йилда нашрдан чиққанди. Ҳиллари Клинтон бу мушугини кўтариб тушган сурати 1959 йилда, у 12 ёшда эканида олинган.

Ҳозирча Ҳиллари Клинтоннинг вакиллари бу хабарга муносабат билдиришмаган.

Top