16:35 / 03.03.2016
3517

Истанбул полицияси икки террорчи аёл яширинган бинони штурм қилди

Истанбулдаги полиция маҳкамасига ҳужум уюштирган икки террорчи аёл кириб яширинган бино хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан штурм қилинди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берган.

Бироз олдинроқ бу икки террорчи Байрампоша туманида жойлашган полиция маҳкамаси ёнидан ўтиб кетаётган полициячилар автобусига қарата иккита граната улоқтириб, ўт очишгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шундан сўнг, аёллар дарҳол машинага миниб, воқеа жойини тарк этишган. Улар одамлар яшайдиган кўп қаватли уйларнинг бирига кириб, бекинишган.

Аввалига полиция уларнинг изини йўқотган, лекин аёллардан бири жароҳатлангани ва унинг қўлидан қон оққани туфайли улар яширинган бино аниқланган. Бино шу заҳотиёқ полициячилар томонидан ўраб олинган.

Рўй берган отишма давомида полициячилардан бири ҳам қўлидан жароҳат олган.

Амалиёт ўтказилаётган туманда ўқ ва портлаш овозлари эшитилаётгани таъкидланган. Амалиётга полициячилар вертолёти ҳам жалб қилинган. Террорчилар яширинган бинодан одамлар эвакуация қилинган. Амалиёт ўтказилаётган туманга кириш ва чиқиш йўллари ёпиб ташланган, транспорт ҳаракати тўхтатилган, полициячилар радиокарнайлар ёрдамида ярим соат давомида аёлларни таслим бўлишга чақирган. Улар жавоб қайтаришмагач, махсус хизмат вакиллари бинони штурм қилишни бошлаган.

Номаълум аёллар Истанбулда полиция маҳкамасига гранаталар билан ҳужум уюштиришди

Top