10:00 / 04.03.2016
3803

Трамп: Сноуденни АҚШга қайтариш керак

3 март куни Детройт шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги дебат чоғида Дональд Трамп Америка Қўшма Штатлари махсус хизмат собиқ ходими Эдвард Сноуденни Америкага қайтариш лозим, деган фикрини маълум қилди.

"Сноуден жосус эди. Биз уни қайтариб олиб келишимиз керак. Агар Россия Федерацияси Қўшма Штатларни ҳурмат қилганда эди, ўша заҳоти уни бизга топширишган бўлар эди”,- деб фикрини изоҳлади президентликка даъвогар.

Эдвард Сноуден – сиёсий таҳлилчи, миллий хавфсизлик бўйича АҚШ Агентлигида фаолият юритган. 2013 йили у АҚШ махсус хизматининг электрон кузатув услублари, жумладан, хориж раҳбарларининг ўзаро суҳбатларига ҳам ноқонуний "қулоқ солиши" ҳақидаги маълумотларни тарқатиб юборган. Америка ҳукуматининг таъқибидан сақланиш учун 20дан ортиқ мамлакат, хусусан Россияга ҳам, бошпана сўраб мурожаат қилган. 2014 йилнинг 1 август куни Сноуден Россия Федерациясида уч йил яшаш ҳуқуқини олди. Шундан буён у Россия ҳудудида истиқомат қилмоқда.

Сноуден зиммасига АҚШда жосуслик қонунининг икки моддасини бузганлик айби юкланган. Ҳар бир модда учун уни 10 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.

Шунингдек, Дональд Трамп ноқонуний муҳожирлар борасидаги кескин қарашларини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида тарқалган хабарларни билвосита тасдиқлади.

Дебат давомида у терроризмга алоқадорликда гумонланаётган шахсларни сўроқ қилиш пайтида қаттиққўллик қилиш, масалан, сувга бўктириш ва ундан ҳам бадтарроқ усуллар қўллаш мумкин, деб ҳисоблашини билдирди.

“Агар мен президент бўлиб сайлансам, АҚШ қуролли кучлари менга бўйсунади. Мен уларга террористларнинг оила аъзоларини ҳам йўқ қилишни буюраман. ИШИД бегуноҳ одамларнинг бошларини олади, уларни сувда чўктиради. Биз ҳақиқий ҳайвонларга қарши курашмоқдамиз. Мен табиатан бошқарувчиман ва шундайлигимча қоламан. Ҳарбийлар менга итоат этишади”, - дея ишонч билан қўшимча қилди Трамп.

Top