11:53 / 05.03.2016
10258

“Сайёрамиз 2030 йилда: 50-50 - Биз гендер тенглиги учун”.

Ҳамма -ёшу қари, эркагу аёл бирдек яхши кўрадиган байрамлар орасида 8 март Халқаро Хотин-қизлар куни байрамининг алоҳида ўз ўрни бор. Шу куни кимдир ўз онаси, синглиси, опаси ёки ишхонасидаги аёлларга қандайдир совға тайёрлайди. Кимдир энг яқин аёл қариндошини табриклаш мақсадидла энг яхши тилакларини олдиндан ўйлай бошлайди. Бир сўз билан айтганда эркагу аёл бу байрамни баҳор байрами сифатида қарши олади. Шу билан бирга ижобий маънода “бу байрам тарихига деярли ҳеч ким қизиқиб ҳам кўрмайди”, аммо чин дилдан нишонлайди, десак асло янглишмаган бўламиз.

Тарихдан маълумки, мазкур байрам хотин-қизлар ўз хуқуқлари учун кураш бошлаган кундан бери нишонланади. Илк бор Нью-Йоркдаги пойафзал, тўқимачилик ва тикувчилик фабрикаларининг вакиллари бўлмиш аёллар 1857 йилнинг 8 март куни тўпланишган эди. Ўшанда аёлларнинг ахволи нихоятда оғир эди. Улар бир кунда 16 соат ишлашарди. Шу билан бирга уларнинг меҳнатига жуда ҳам кам хақ тўланарди. Айнан шу сабаб хотин-қизлар бош кўтаришди. Улар иш соати 10 соатга туширилишини ва маошлар эркаклар билан тенг бўлишини талаб қилдилар. Ўтказилган намойишлар натижаси ўлароқ хотин-қизларнинг талаби қондирилди. Ўша йиллари АҚШда хотин-қизларнинг касаба уюшмалари ташкил топди. Айнан ўша йили аёлларга сайлаш ва сайланиш хуқуқи берилди. 1909 йилдан 1913 йилга қадар Америкада февраль ойининг сўнги якшанбасида миллий хотин-қизлар куни сифатида нишонланган. Хотин-қизларнинг 1910 йилда бўлиб ўтган Халқаро конференциясида 8 март халқаро миқёсда байрам қилиниши керак деган таклиф илгари сурилди ва бу таклиф маъқулланди. Бу байрам 1911 йилдан бошлаб фақат Дания, Германия, Швейцария ва Австрияда нишонлана бошланди. Аввалига бу байрам Халқаро Хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларини химоя қилиш мақсадида бирдамлик куни сифатида нишонланди. Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларда 8 март 1965 йилдан бошлаб дам олиш куни деб эълон қилинган. Байрам арафасида жахон мамлакатларида тантанали маросимлар ўтказиш анъанага айланган.

Халқаро Хотин-қизлар куни (International Women's Day) — Аёлларнинг халқаро байрами бўлиб шу куни жаҳон мамлакатларида хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда қўлга киритган муваффақиятлари тахлил қилинади. Шу куни аёллар ўтмишларини тахлил қиладилар, бугунги кун ҳамда келажак орзуларини белгилаб оладилар. Байрам БМТ томонидан кенг нишонланади. Бир қатор мамлакатларда миллий байрам сифатида тан олинади. Маълумки, 8 мартга халқаро мақом БМТ томонидан 1975 йилда берилган эди. Ўша кундан бошлаб байрам халқаро миқёсда нишонланиб келинади. Ҳар йили бу кун қандайдир мавзуга бағишланади.

БМТнинг бу йилги мавзуси “Сайёрамиз 2030 йилда: Элликка эллик- Биз гендер тенглиги учун”.

Аввалги шиорлар:

2015: “Хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш: инсоният имкониятларини кенгайтиришдир. Буни ёдда тутинг”.

2014: “Хотин-қизлар манфаатлари йўлида тенглик - бу барчанинг манфаатилари йўлидаги тараққиёт”.

2013: “Ваъда ўз йўлига ваъда - хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш учун вақт етиб келди”.

2012: “Қишлоқ хотин-қизлари имконият ва хуқуқларини кенгайтириш- очлик ва қашшоқликка йўл йўқ”.

2011: “Таълим, касбий тайёргарлик ва илм-техника ютуқларига бирдек имконият— хотин-қизларнинг муносиб меҳнатига йўл”. 2010: “Тенг ҳуқуқ, тенг имконият: барча учун тараққиёт”.

2009: “Хотин-қизлар ва эркаклар, биргаликда аёллар ва қизларга қарши зўравонликка чек қўямиз”,

8 март – Севги ва хотин-қизларга муҳаббат байрамидир. Байрамнинг ўзи эса расмий байрамларнинг энг гўзалларидан бири сифатида тан олинади. Шу куни бутун дунё хотин-қизлари ўзлари истиқомат қилаётган давлатларнинг миллий чегараларидан қатъий назар, ирқи, миллати, маданияти, тили турлича бўлишига қарамай, ўзлари олдида турган муқаддас эзгу ғоялар атрофида бирлашадилар. Халқаро Хотин-қизлар куни тарих ижодкорлари бўлмиш ҳар бир аёлнинг байрамидир. Айни дамда бутун дунёда аёллар барча жабҳаларда олдинги ўринларда бормоқда.

1977 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюция(№ A/RES/32/142[10)да дунё мамлакатларига мурожаат қилиниб, йилнинг бирор бир кунини Хотин-қизлар ҳуқуқлари учун кураш куни сифатида нишонлаш таклиф қилинади.

Бугунги кунда 8 март Халқаро Хотин-қизлар куни Ангола, Гвинея-Бисау, Замбия, Камбоджа, Кения, Мадагаскар, Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигига аъзо барча мамлакатларда дам олиш куни сифатида нишонланади. Лаосда фақат хотин-қизлар дам олади.

8 март бундан кейин ҳам Гўзаллик, донишмандлик, жозиба ва Хотин-қизларга таъзим куни бўлиб қолишига ишонамиз. Хотин-қизларга бўлган муносабат эркакларни мард, жафокаш, бағрикенг, ҳимматли, меҳрибон, ғамхўр бўлишларига ёрдам беради.

Буни асло унутмайлик.

Шарофиддин Тўлаганов

Top