19:11 / 05.03.2016
2541

2016 йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғинларига раис ва уларнинг маслаҳатчилари сайланади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 5 мартда бўлиб ўтган мажлисида фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Масалани муҳокама қилиш якунлари бўйича олдинги сайловларнинг тажрибасини ва қонунчилик ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида» қарор қабул қилиб, унда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддати қилиб 2016 йил май-июнь ойларини белгилади, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режасини, сайлов бюллетенлари намуналарини тасдиқлади.

Шунингдек, Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилди ва унинг таркиби тасдиқланди. Комиссия таркибига парламент иккала палатаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази, бошқа вазирлик ва идораларнинг вакиллари киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 23-моддаси ҳамда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8, 10 ва 11-моддаларига мувофиқ, 9764 нафар фуқаролар йиғини раисини ва уларнинг 99 минг нафардан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

Top