10:50 / 06.03.2016
2697

Ҳондурас пойтахтида полиция либосидаги жиноятчилар 10 кишини отиб кетишди

Ҳондурас пойтахти Тегусигальпа шаҳрида қуролли шахслар ҳужуми вақтида камида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Воқеа 5 март куни рўй берган. Маълум қилинишича, полиция либосини кийган 5 нафар шахс бильярдхонага автомобилда кириб келган ва АК-47 автоматлари орқали ўт очишган.

Воқеа жойида 8 киши ҳалок бўлган. Яна 2 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага олиб борилгач, жон берган.

Маълумот учун, Ҳондурасда ҳар куни ўртача 16та қотиллик рўй беради. Асосий ҳолатлар турли жиноий гуруҳлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли содир бўлади.

Top