10:17 / 08.03.2016
3776

ЦСКАнинг бразилиялик футболчиси Россия фуқаролигини олмоқчи

Москванинг ЦСКА футбол клуби ҳимоячиси Марио Фернандес Россия фуқаролигини олиш учун ҳужжатлар топширди. Бу ҳақда 7 мартда клубнинг бош директори Роман Бабаев маълум қилди.

 "Фернандес керакли ҳужжатларни топширди. Масала икки ойча ҳал қилиниши мумкин. Умид қиламизки, ижобий ҳал қилинади", деб айтди Бабаев.

Россия спорт вазири бу хабарга ижобий муносабат билдирди. "Фернандес фуқаролик олишга ҳужжатлар топширгани яхши бўлибди, бироқ мен ҳали ҳужжатларни кўрмадим. Исталган вазиятда у Европа чемпионатида иштирок эта олмайди, чунки бу масалада ФИФАнинг барча қоидалари ва меъёрларига амал қилиниши керак", деб айтди Мутко.

25 ёшли Фернандес ЦСКАга 2012 йил май ойида ўтган. У шу вақт давомида икки маротаба Россия чемпиони бўлишга улгурган.

ФИФА қоидаларига кўра, футболчи ўз футболчилик фуқаролигини алмаштириши учун терма жамоаси учун ўйнамоқчи бўлган мамлакатда камида беш йил яшаган бўлиши лозим.

Фернандес жорий мавсумда Россия чемпионатида 17 та ўйинда иштирок этиб, бир тўп ва бир голли узатмага муаллифлик қилган.

Top