08:47 / 10.03.2016
4360

Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётининг инқирозга учрашидан огоҳлантирди

Дунё ошиб бораётган иқтисодий инқироз хатарига юз келмоқда. Бу фалокатдан қочиш учун давлатлар етакчилари талабни оширувчи чоралар кўришлари керак. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг тақсимловчи директори биринчи ўринбосари Дэвид Липтон айтиб ўтди. Бу ҳақда The Financial Times нашри хабар бермоқда.

Липтоннинг айтишича, глобал иқтисодиёт "ҳақиқатан ҳам қийин аҳволда турибди". Липтон сиёсатчиларни зудлик билан иқтисодий ўсиш ва талабни оширувчи чоралар қабул қилишга ҳамда хом ашё ва молия бозорларидаги юқори даражадаги тебранишлар натижасида пайдо бўлган янги хавфларга тайёр туришга чақирди. "Иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ва жаҳон иқтисодиёти барқарорлигини тиклаш вақти келди", деб айтди Липтон.

Нашрда таъкидланишича, Липтоннинг бу баёноти Хитой иқтисодиёти бўйича салбий статистика чоп этилгани ортида билдирилди. Хитойнинг февралдаги экспорт ҳажми 2015 йилнинг февралига нисбатан 25,4 фоизга камайиб кетган, бу кўрсаткич 2009 йилдан бери қайд қилинган энг ёмон кўрсаткичдир. Хитой импорти эса бу орада 13,8 фоизга қисқарган.

Бундан ташқари, 2015 йилда Хитой ялпи ички маҳсулоти 6,9 фоизга ўсган (2014 йилда 7,3 фоизга ўсган), бу чорак аср давомидаги энг паст кўрсаткич бўлди. Хитой иқтисодиёти 2016 йилда 6,5-7 фоизга ўсиши кутилмоқда.

ХВЖнинг охирги прогнозига кўра, жаҳон иқтисодиёти 2016 йилда 3,4 фоизга ошади. ХВЖда бу прогноз яна қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилди.

Top