22:23 / 12.03.2016
1477

Қирғизистон президенти унга суғорувчи касби ёқишини айтди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев журналистларга унга ҳаммадан ҳам суғорувчи касби ёқишини айтди.

Атамбаевнинг айтишича, бир нашр у ўзининг собиқ ҳайдовчиси, зоотехниги ва журналистини турли лавозимларига тайинлагани ҳақида хабар берган. "Агар бундай қараладиган бўлса, мен умуман собиқ суғорувчиман. Бу касб билан 8-синфдан тирикчилик қила бошлаганман. Кейин эса кўча супурувчи, ўтёқар бўлганман... Қаерларда ишламадим! Бироқ менга бу ишлардан энг кўпроқ суғорувчи иши ёқади. Қарасанг – ўт сарғайган. Сувни тортиб келасан, у эса ерга шовқин солиб сингади. Ер гўёки уни ичади. Эртасига қарасанг, сув қуйган жойинг ям-яшил ўт билан қопланган. Ўз ишингнинг натижасини эртасигаёқ кўриш шундай ҳузурки!", деб ўз хотиралари билан бўлишди президент.

"Албатта, шундай ишни истардим. Бироқ ҳозир мен исталган жисмоний меҳнатдан кўпроқ куч ва саломатликни олувчи ишдаман. Афсуски, меҳнатинг ҳар доим ҳам дарров мева бермайди. Кўп нарса мени хурсанд қилади, бу йили кўп нарсани кўрмоқдаман ва яна кўраман, умид қиламанки, кейинги йилда ҳам шундай бўлади. Айниқса, энергетика соҳасида. Кейинги йилда бу лавозимдан кетаман ва 2018 йил баҳорида қаердадир ер титкилаб, нимадир экиб, суғоришга умид қиламан. Ҳозир эса бунга вақт йўқ. Жуда барвақт ёки жуда кеч вақт топилиши мумкин. Бу бўш вақтда мен, мисол учун инглиз тилини маиший даражада ўрганишга муваффақ бўлдим", деб қўшимча қилди Атамбаев.

Top