18:25 / 12.03.2016
1506

Умумхалқ хайрия ҳашарининг биринчи кунида 12,4 миллион нафар одам қатнашди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 мартдаги фармойишига биноан 12-13 март кунларига белгиланган умумхалқ хайрия ҳашарининг биринчи куни натижалари эълон қилинди.

Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда республиканинг санитария ҳолатини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилган ҳашарнинг биринчи кунида 28,6 минг гектар майдон ободонлаштирилди.

Шуни куни ҳашарчилар 19,5 минг километрдан зиёд ариқ-зовур тозаланиб, 683 дан ортиқ зиёратгоҳ ҳамда 8,8 мингдан кўп қабристон тартибга келтирилди. 13 миллион 225 минг тупдан ортиқ дарахларга шакл берилиб, оқланди. 12 мингга яқин махсус техника воситалари ёрдамида 45,8 минг тоннадан зиёд маиший чиқиндилар махсус жойларга ташиб чиқарилди.

Шунингдек, ҳашарнинг дастлабки куни 8,6 миллион тупга яқин манзарали, 7,4 миллион тупдан ортиқ мевали ҳамда 10,1 миллион тупдан зиёд гул кўчатлари ўтқазилгани натижасида юртимиз боғу гулзорга айланди.

Ободлик кўнгилдан бошланади. Шу боис умумхалқ хайрия тадбирининг биринчи куни аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Шу мақсадда 16 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оиланинг 339 м.кв уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирлаб берилди. 19,8 мингтадан зиёд мурувватталаб оилага, шу жумладан, 7,6 минг нафардан ортиқ ногирон ва ёлғиз қариянинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Мазкур хайрия тадбирларига 2 млрд. 559 млн. сўмга яқин маблағ сарфланди.

Хайрия тадбирининг биринчи кунида жами 12,4 миллион нафар фуқаро қатнашган бўлса, уларнинг 8,1 миллион нафари ёшлардир, деб хабар беради Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви матбуот хизмати.

Top