14:29 / 14.03.2016
1704

Анқара теракти ижрочиларидан бири КИП аъзоси бўлгани аниқланди

Туркия ҳукумати 13 март куни Анқарада теракт содир этган жангарилардан бирининг шахсини аниқлади. Sozcu газетасининг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига асосланиб хабар беришича, теракт содир этган ҳудкуш жангарилардан бири ёш қизча бўлиб, у Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзоси бўлган.

Портлаш 13 март куни маҳаллий вақт билан соат 18:43да, Анқаранинг Қизилой туманидаги автобус бекатларининг бирида, мамлакат бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобиль одамлар минган икки автобус ўртасида портлатилган.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар 37 киши ҳаётдан кўз юмган, 125 киши жароҳат олган, 71 киши касалхоналарда қолмоқда.

Берилган хабарга кўра, террорчи қиз Баликесир шаҳридаги университетда таҳсил олган, 2013 йилда террорчилик уюшмаси сафига қўшилган. Қизнинг тўлиқ исм-шарифи Саҳар Чоғла Демир бўлган.

Ўз навбатида Курдистон Миллий конгрессининг Москвадаги бўлими вакили Салоҳиддин Соро КИПнинг Анқарадаги бу терактга алоқадор эмаслигини айтган. Унинг айтишича, Туркия бу терактдан қўшни давлатлардаги вазиятга аралашиш учун фойдаланиши мумкин.

Туркия ҳукумати ва Курдистон ишчилар партияси ўртасидаги зиддиятлар 2015 йилнинг июлида янгиланди. Туркия ҳукумати декабрь ойида КИП аъзоларига қарши мамлакат жануби-шарқида кенг кўламли махсус амалиётлар ўтказишни бошлади. Декабрь ойида бу ҳудудларда ташкилотнинг 1000дан ортиқ вакили ўлдирилди. Курдларнинг Халқ демократик партияси вакили бу амалиётлар вақтида тинч аҳоли вакиллари ҳам ўлдирилгани ҳақида айтган.

Top