11:44 / 14.03.2016
2884

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари тайинланди

12 март куни Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси З.Мирзаев олиб борди.

Сессия вақтида шу пайтгача Ургут тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ҳиммат Оқбўтаев Самарқанд вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги сайти хабар берган.

Сессияда шунингдек вилоят ҳокимининг 2016 йил 1 мартда қабул қилган Очилов Олимжон, Абдумажит Нурқулов ва Хўжаёров Хайриддин мос равишда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, вилоят ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангани тасдиқланган.

Ўзбекистон президентининг 2016 йил 24 февралдаги қарори билан маҳаллий ҳокимликлар структураси ўзгартирилган ва унга кўра, ҳокимларнинг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилганди.

Top