09:28 / 16.03.2016
1810

Анжелина Жоли суриялик қочқинлар билан учрашди

Ҳолливуд юлдузи Анжелина Жоли Ливандаги Бекаа водийсида суриялик қочоқлар билан учрашди. Бу ҳақида People нашри хабар беради.

Актриса БМТнинг қочқинлар масаласи (UNHCR) бўйича махсус элчиси ҳисобланади.

У сафари давомида матбуот анжумани ўтказди ва жаҳондаги етакчи сиёсатчиларни қадрдон уйини қолдириб кетишга мажбур бўлган миллионлаб инсонларга янада фаолроқ ёрдам беришга чақирди.

“Мен 1 миллиондан ортиқ сурияликнинг ҳаётини сақлаб қолишга йўналтирилган ёрдами учун Ливан халқига ўз ташаккуримни изҳор этаман. Сизлар дунёга олийжаноблик, саховат, инсонпарварлик ва бирдамликни кўрсата олдингиз”, - деди Жоли. Унинг баёноти UNHCR сайтида чоп этилди.

Анжелинанинг сўзларига кўра, жаҳон мамлакатлари вазиятни тўғри таҳлил қилиши ва бу борада қандай ишни амалга ошира олиши, қочқинларнинг неча қисмига қай тарзда ёрдам беришга қодирлигини англаши, шунингдек, бу ҳолатни халқига тўғри тушунтира олиши зарур. “Биз бетартибликдан тартибни ярата оламиз”, - дея таъкидлади Жоли.

Бундан ташқари, актриса 2014 йилда танишган суриялик Хала исмли қизнинг оиласи билан яна учрашган.

Top