18:20 / 16.03.2016
1714

Красноярсклик таксичи ҳалоллиги учун бир неча минг доллар мукофот олди

Суд қарори билан 2014 йилда Емельяново аэропортида бир даста доллар топиб олган красноярсклик таксичига пуллар тўлиқ тақдим этилди. Бу ҳақда Сибирь ички ишлар бошқармасида маълум қилишди.

Такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган 41 ёшли красноярсклик эркак бир ярим йил аввал мижозларни аэропортга олиб келади. У мижозларининг юкларини терминалгача олиб киришга ёрдам бермоқчи бўлади ва машиналар тўхташ жойида, шундоқ асфальт устида сочилиб ётган юз долларликларни кўриб қолади.

Сибирлик пулларни қалбаки деб ўйлайди, лекин ҳар эҳтимолга қарши, уларни ўзи билан олиб кетади. Уйда уларнинг ҳақиқийлигини тушуниб, полицияга олиб боради.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Москва авиарейсларида учган қайсидир йўловчи пулларини йўқотган деган фикрни билдиришади.
Бироқ пулларнинг эгаси топилмайди. Таксичи эса олти ойдан сўнг, Россия қонунларига кўра, суд орқали топилмага эгалик ҳуқуқини эълон қилади.

Top