17:41 / 16.03.2016
3226

Ўзбекистонликлар Ўрта Осиё бўйича энг бахтли одамлар

SDSN ва Колумбия университетининг 16 март куни эълон қилган дунёнинг энг бахтли мамлакатлари рейтингида Ўзбекистон 49-ўринни эгаллади.
Биринчи поғонани Швейцария Данияга бўшатиб, ўзи иккинчи ўринга тушди. “Энг бахтиёр мамлакатлар” учталигига Исландия ҳам кирди. Афғонистон, Сурия ва Того рейтингни якунлаб беришди.

“Бахт индекси” тадқиқот иштирокчи-мамлакатлари аҳолиси орқали сўровнома ўтказиш билан аниқланади. Бундан ташқари, макроиқтисодий кўрсаткичлар ва фуқароларнинг ижтимоий таъминланганлик даражаси ҳам инобатга олинади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш сифати, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот даражаси, умр давомийлигига ҳам эътибор берилади. Доклад 2013-2015 йиллар маълумотлари ҳисоби асосида тузилган.

Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни нафақат баланд, балки, нуфузли ҳамдир. Масалан, 50-ўринда Италия, 53-поғонада Япония турибди. Қозоғистон 54-ўринни, Россия эса 56-ўринни эгаллаган. Туркманистон 65-поғонада, Қирғизистон 85-, Тожикистон эса жуда пастда – 100-поғоналарга лойиқ кўрилган.

БМТнинг мустақил экспертлари томонидан тузилган дунёнинг энг бахтиёр мамлакатлари (World Happiness Report 2015) рейтингида эса Ўзбекистон 44-поғонани эгаллади.

158 давлатнинг бахтлилик даражасини ўлчаш учун мутахассислар иқтисодий (аҳоли жон бошига ИЯМ даражаси), ижтимоий (фуқаролик эркинликларининг мавжудлиги, коррупция даражаси, ўртача умр давомийлиги) ва ахлоқий (сахийлик ва бағрикенглик) каби қатор кўрсаткичларни инобатга олдилар.

Энг бахтли мамлакатлар ўнталигига Швейцария, Исландия, Дания, Норвегия, Канада, Финляндия, Нидерландия, Швеция, Янги Зеландия ва Австралия кирди.

Того, Бурунди, Сурия, Бенин, Руанда, Афғонистон, Буркина-Фасо, Кот-д'Ивуар, Гвинея, Чад эса “бахтсизроқ” давлатлар деб топилди.
Россия ушбу рейтингда Ўзбекистондан 12 поғона пастда, яъни 64-ўринда турибди.

Top