09:15 / 17.03.2016
1500

ЕЧЛ. «Барселона» иккинчи учрашувда ҳам «Арсенал»ни енгиб кейинги босқичга чиқди

Испаниянинг «Барселона» клуби 1/8 финалда «Арсенал»ни мусобақадан чиқариб юборди.

Лондонда бўлиб ўтган ўйинда Венгер шогирдлари 0:2 ҳисобида ютқазгани боис, «Камп Ноу»даги учрашувда меҳмонлар камида шу ҳисобда ғалаба қозониши талаб этиларди.

Лекин учрашувнинг 18 дақиқасида қарши ҳужумда Суарес Неймарни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқарди. Бразилиялик футболчи имкониятни қўлдан чиқармади.

Танаффусга қадар «Арсенал»да ҳам гол уриш учун бир неча марта яхши имкониятлар юзага келди, аммо бу вазиятлар голга айлантирилмади.

Иккинчи бўлимни эса меҳмонлар гол билан бошлашди. Санчесдан узатма қабул қилган Муҳаммад Эл-Ненни 16 метрдан чиройли зарба билан дарвозани ишғол қилди. Орадан кўп ўтмасдан каталониялик ҳимоячиларнинг хатосидан кейин Уэлбек тўпни эгаллаб рақиб жарима майдонига кириб борди, аммо унинг зарбаси йўлига Маскерано ғов бўлди.

Жавоб голидан кейин лондонликлар яна гол уриш учун ҳужумкорликни оширишди. Аммо ўйиннинг 65-дақиқасида мезбонлар иккинчи голни уришга муваффақ бўлишди. Алвеснинг ўнг қанотдан берган узатмасига Суарес қайчи услубида зарба бериб, тўққизликка тўпни жойлаб қўйди.

Учрашув сўнгида Лионель Месси ҳам ўз номини стадион таблосига ёздириб қўйди — 3:1.

Икки ўйин натижасига кўра «Барселона» 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

ЕЧЛ, Нимчорак финал, жавоб ўйини
Барселона (Испания) – Арсенал (Англия) 3:1 (1:0)
Голлар: 1:0 – 18 Неймар, 1:1 – 51 Эл-Ненни, 2:1 – 65 Суарес, 3:1 – 88 Месси.
Барселона – тер Стеген, Матьё, Альба, Дани Алвес, Бускетс, Ракитич (Туран, 77), Маскерано, Иньеста (Сержи Роберто, 72), Неймар, Месси, Суарес.
Арсенал – Оспина, Габриэл, Монреаль, Бельерин, Косьельни, Фламини (Коклен, 45), Эл-Ненни, Ўзил, Санчес, Уэлбек (Уолкотт, 73), Ивоби (Жиру, 72).
Огоҳлантиришлар: Фламини (32), Габриэл (35), Санчес (50), Туран (79), Жиру (85).
Биринчи ўйин – 2:0

Top