12:30 / 18.03.2016
2311

«Boeing»нинг бошқарувчисиз сув ости кемаси

Boeing компанияси нафақат йўловчи ташувчи самолётларини ишлаб чиқаради, балки кўпгина қизиқ лойиҳалар билан ҳам иш олиб боради. Улардан бири бу бошқарувчисиз «Echo Voyager» сув ости кемаси ҳисобланади.

Сув ости кема илмий ва ҳарбий мақсадларда маълумот йиғиш ҳамда тарқатиш учун ишлаб чиқилмоқда. Бошқарувчисиз кема гибрид энерготизимга эга бўлиб, компания унинг ишлаш принципини сир тутмоқда.

Янги энерготизим туфайли кема сув остида бир неча ой давомида маълумот йиға олади ва мустақил равишда уларни юбориш учун сув юзасига чиқади. Бундай хусусиятлар уни бошқа сув ости кемаларидан фарқлайди.

«Echo Voyager» узунасига 15,5 метрни ташкил этиб, 3353 метр чуқурликкача туша олади. Мисол учун, чуқурликка тушиш рекорди «совет» сув ости кемаси АПЛ К-278 «Комсомолец»га тегишли бўлиб, 1027 метргача туша олган.

Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра, қурилманинг нархи баландлигига (компания ҳали бери аниқ қийматни айтгани йўқ, лекин сўз бир неча миллионлар ҳақида кетмоқда) қарамай, харажатлар унинг хизмати камчиқимлиги орқали ошиб кетмайди.

Янги сув ости кемасининг қўлланилиш соҳалари жуда ҳам кенг: сув ости кабелларини текшириш, сув ости чегараларини бузиб кирувчиларни аниқлаш, қўриқланувчи акваторияларни патруллаш, нефть тошқинларида маълумот йиғиш ва қидириш, жабрланганларни аниқлаш каби ҳолатларда қурилма асқатади.

«Echo Voyager»нинг синовлари шу ёз ойларида бошланиб, Калифорниянинг сув қирғоқларида амалга оширилади.

Top