17:05 / 21.03.2016
1801

Acura NSX америкалик автомобиль ишлаб чиқарувчиларнинг энг қимматбаҳо маҳсулотига айланди

Японларнинг Acura NSX суперкарининг иккинчи авлоди АҚШ ҳудудида ишлаб чиқарилган энг қимматбаҳо модель бўлди. Бу ҳақда Kelly Blue Book маълумотномалар тақдим этувчи компания директори Мэтт Делоренцога асосланиб, Bizjournals нашри хабар тарқатган.

Шу йилнинг апрелидан Огайо штатидаги Мэрисвилл шаҳрида ишлаб чиқарилиши бошланадиган Acura NSX модели нархи 156 минг доллардан бошланади. Олиймақом версияси эса бадавлат харидорга 205,7 минг долларга тушади. Бу орқали «Акура» АҚШда ишлаб чиқарилган энг қиммат автомобиль мақомини Dodge Viper суперкаридан тортиб олади. Унинг бошланғич баҳоси 87,9 минг долларни ташкил этганди (топ варианти ACR нархи эса 118,8 минг доллар).

Японияликлар концерни 2016 йилда Acura NSX’дан 800 дона ишлаб чиқаришни режалаштиришган. АҚШ бозорида апрель ойи охирида пайдо бўлади, Европага эса кузда олиб келинади.

Мэтт Делоренцонинг қайд этишича, бу автомобиль ундан кейинроқ тақдим этиладиган Ford GT тақдимотидан кейин ҳам АҚШда ишлаб чиқарилган энг қиммат автомобиль мақомини ўзида сақлаб қолади. Нархи тахминан 400 минг доллар атрофида бўлиши айтилаётган бу автомобиль Ford концернининг Канададаги заводида йиғилади.

Acura NSX 2017 купеси 3,5 литрли битурболашган моторга эга. Турбомотордан ташқари машинани уч электродвигатель ҳаракатга келтиради, ундан иккитаси олд ўқни айлантиради. Ҳаммаси бўлиб Acura NSXда 573 отнинг кучи бор. Суперкар 3 секундда 100 км тезликка эриша олади, унинг максимал тезлиги соатига 307 км бўлади.

Top