14:52 / 21.03.2016
1826

Саакашвили ўзининг шимни кийиб юриш услуби билан интернетни “ларзага солди”

Одесса вилояти губернатори, Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили кийим кийиш борасида яна бир бор “антиқа дидга эгалигини” намойиш қилди. Шу сабаб интернетда баъзи фойдаланувчилар унинг ақли расолигига шубҳа билдиришди.

Саакашвили кийим кийиш борасида “қовун тушириши” билан ижтимоий тармоқлар “қаҳрамонига” айланди. Кўринишича, Саакашвили шим кийиш борасида ўз қарашига эга, чунки у иккинчи бор шимни “ноодатий кийиш услуби” билан оммани ҳайратлантирмоқда.

20 мартда Днепропетровскда бўлиб ўтган Аксилкоррупцион форум иштирокчиларидан бири Facebook’га Саакашвилининг минбардан туриб нутқ сўзлаётганининг суратини юклади. Суратда грузиялик сиёсатчи бутун бўй-басти билан турибди ва унинг шимининг почаларидан бири негадир пайпоғи ичига тиқиб қўйилганини кўриш мумкин.

"Михаил Николозович Саакашвили албатта тароватли инсон, бироқ шимини пайпоғига тиқиб олганини тушунмадим", деб изоҳ қолдирди суратга фойдаланувчи.

Саакашвили 2015 йил июлда Одессада полициячилар қасамёд қабул қилиши маросимида шимини тескари кийган ҳолда пайдо бўлгани билан интернет аҳлини ҳайратлантирганди.

Саакашвили шунга ўхшаш қилиқлари сабабли ўзининг ақли расолиги борасида кўпчиликда шубҳа уйғотади. Баъзилар уни қандайдир руҳий касалликдан азият чекиши, кимдир эса асаби жойидамаслигига гумон қиладилар. Бошқа бир кенг тарқалган тахминга кўра, Саакашвили гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб туради ва бунинг оқибатида баъзида ўзини номақбул тутади.

Top