17:07 / 22.03.2016
4951

Дунёнинг энг катта самолёти парвозга тайёр

Hybrid Air Vehicles Британия компанияси дунёдаги энг катта ҳаво кемаси - дирижабль Airlander 10’ни намойиш этди. Улкан учар мослама бугун – 22 март куни Кардингтон аэродромида ердан бир метр баландликка кўтарилди, яқин ойларда унинг биринчи синов парвозлари режалаштирилган.

Airlander 10’нинг узунлиги 92 метр, бу дунёнинг энг катта самолёти - Ан-225 “Мрия”дан 8 метрга узунроқ. Тезлиги соатига 150 километр.

Самолёт, вертолёт ва дирижабль кўриниши ва хусусиятларига эга гель билан тўлдирилган ушбу учиш мосламаси аввалига Америка армияси учун мўлжалланган эди. Бироқ мудофаа бюджетига ажратилган маблағнинг қисқариши оқибатида шартнома бекор қилинган, учоқ эса Hybrid Air Vehicles компаниясига қайтарилган эди. Шундан сўнг британияликлар уни тижорат соҳасига йўналтиришга қарор қилишди.

Airlander 10 яратувчилари ундан сайёҳлик ва юк ташиш мақсадларида фойдаланишни режалаштиришган. Аппарат вертикал ҳолатда ҳам уча олади ҳамда ҳар қандан юзага, жумладан, муз, қум ва сув юзасига ҳам қўна олади. Шунингдек, дирижабль шовқинсиз ва атроф-муҳитга безиён. Airlander 10 ҳавода беш кун давомида уча олади.

Hybrid Air Vehicles компанияси 2018 йилгача 12та дирижабль қуришни режалаштирган. Синовда 200 соат учгандан кейин компания тижорат парвозларига рухсат беради.

Маълумот учун: Тарихдаги биринчи дирижабль 1852 йили учган. Буғ двигателли мосламани француз ихтирочиси Анри Жиффар яратган. Энг катта ҳаво кемаси эса “Гинденбург” бўлган. Унинг илк парвози 1936 йил 4 март куни амалга оширилган. Ҳажми бўйича у Американинг замонавий Boeing 747 дан тўрт баробар катта бўлган. “Гинденбург” Германия ва АҚШ ўртасида круизларни амалга ошириши режа қилинган. Лекин 1937 йил бортда портлаш оқибатида юзага келган авария бу режаларга ва дирижабль қурилиши тараққиётига ҳам нуқта қўйди.

Top