17:06 / 22.03.2016
2829

"Ўлим машинаси" қурбонлари

АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Ижтимоий тарих музейи ходимлари ўтган йили қайд қилинган акулалар ҳужуми юзасидан ҳисобот эълон қилди. Маълумотларга кўра, энг кўп акула ҳужуми АҚШда қайд қилинган.

Акула ҳужумлари ўрганилаётган 1935 йилдан бери энг кўп ҳужумлар 2015 йилда юз бергани айтилмоқда. 1935 йили Жанубий Каролина штатидаги Чарлстон музейининг директори Милби Буртон акулалар ҳужуми билан боғлиқ биринчи мақоласини эълон қилган эди. Шундан бери ўтган давр мобайнида 5 мингга яқин киши акулалар ҳужумига учради.

Жаҳонда ўтган йили қайд қилинган 98та акула ҳужумининг 59таси АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги бор энг кўп кўрсаткич 2000 йилда қайд қилинган бўлиб, ўшанда 88та акула ҳужуми рўйхатга олинган эди. Акула ҳужумлари бўйича эълон қилинган кўрсаткичга қараганда иккинчи ўринда 18та ҳужум қайд қилинган Австралия ва учинчи ўринда 8та ҳужум қайд қилинган Жанубий Африка Республикаси туради.

Маълумотларга қараганда, ўтган йили акула ҳужумлари оқибатида олти киши халок бўлган. Иккита ҳодиса Франциянинг Ҳинд океанидаги Реюньон оролида юз берган бўлса, қолганлари Австралия, Миср, Янги Каледония ва АҚШ соҳилларида қайд қилинди. АҚШда энг кўп акула ҳужумлари Флорида штатида қайд қилингани айтилмоқда. Ўтган йили бу штатда бу билан боғлиқ 30та ҳодиса қайд қилинган. Шимолий ва Жанубий Каролина штатларида 16та, Гавайида 7та, Калифорнияда 2та ва Техасда 2та ҳодиса рўйхатга олинди. Нью-Йорк ва Миссисипи штатларида биттадан ҳодиса қайд қилинган.

Музей экспертлари бундан буён акула ҳужумлари кўпайиб боришидан огоҳлантиришмоқда. Чунки ер юзида инсонлар сони ортгани каби акулалар ҳам кўпаймоқда экан.

Таҳлилчиларнинг фикрича, акулаларнинг инсонларга ҳужуми аввал ҳам бўлган, бундан кейин ҳам тўҳтамайди. Миллион йилдан бери бу маҳлуқ денгиз ва океан сувларида бошқа жониворларга таҳдид солиб келади. Одамлар акулалар ҳақида кўп нарсаларни билади, айримларидан бехабар. Кўпчилик уни ўлим машинасига қиёслашади.

Флорида университети қошидаги ижтимоий тарих музейи ходимларининг айтишича, бошқа сабабларга кўра одамларнинг вафот этиши билан солиштирганда акулалар ҳужуми оқибатида инсонларнинг ҳалок бўлиши, озроқ экан. Масалан АҚШ соҳилларида ҳар йили яшин уришидан ўртача 38 киши ҳалок бўлади. АҚШда ҳар йили ўртача 3 мингдан ортиқ киши чўкиб кетса, акула ҳужумидан бир киши вафот этар экан.

Олим Жордж Бёрджесс томонидан 2014 йил июлида эълон қилинган тадқиқотларга кўра, глобал иқлим ўзгариши туфайли акулаларнинг одамларга ҳужуми йил сайин ўсиб бораверади. Бугунги кунда акула ҳужум қилган одамларнинг 95,5 фоизи тирик қолади. Айримлари бир умрга ногирон бўлиб қолади. Акулалар асосан ёз ойлпарида, шунда ҳам асосан кундуз кунлари одамларга ҳужум қилади.

Олимларнинг фикрича акулаларнинг ҳужумига инсонларнинг ўзлари ҳам сабабчидир. Акулаларнинг ҳар тўртта хужумидан биттасига инсонларнинг ўзлари айбдор экани айтилади. Кўп холларда эҳтиёт чораларни кўрмаган хаваскор дайверлар қурбон бўлади. Айрим холларда акулалар балиқ овлар экан, сувда ҳаракатланаётган одамларни ҳам янглишиб ўлжа сифатида кўриши мумкин экан. Бу каби ходтисалар асосан пляжларда юз беради.

Овчиларнинг сўзларига қараганда, акулалар ўз ҳудудларига келиб қолган одамларга қизиқувчанлик сабаб ҳам ҳужум қилар экан. Бу каби холларда акула хужум қилиши биланоқ шу заҳотиёқ ортга қайтиб кетади. Акулалар одамларни ўлжа сифатида кўрмайди. Улар тюлен ва денгиз шерлари гўштини афзал билишади. Бироқ океан ва денгизларга ўлганларнинг жасадларини ташлаш туфайли акулалар одам гўштига ўрганиб бормоқда, деган қарашлар ҳам бор.

Акула ўз қурбонининг қўрқувини сезади. Агар ўлжа қаршилик кўрсатадиган бўлса, у холда акула янада вахшийлашади. Акулаларнинг хатти-ҳаракатларни аввалдан билиш қийин. У инсонларни узоқ ўрганади. Бирдан йўқ бўлиб қолади ва кутилмаганда ҳужум қилади.

Акулаларнинг нозиқ нуқтаси кўз ва бурни экани айтилади. Шу сабабли мутахассислар акулаларнинг ҳужумига учраган одамлар унинг кўзи ва бурнига мушт тушириши лозимлигини тавсия қилишади. Айни дамда олимлар акулаларнинг одамларга ҳужумлари сабабларини ўрганмоқда. Акулаларнинг одамларга ҳужумларининг сабаблари аниқлангач, бахтсиз ҳодисаларнинг сони камайишига умид қилинмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, одамларга акулаларнинг ҳаммаси ҳам эмас, балки айрим турларигина хужум қилиши айтилади. Олимлар акулаларнинг 360дан ортиқ турини ўрганишган. Улардан атиги 4 туригина одамларга ҳужум қилиши аниқланди.

Шуни айтиш керакки, бир йилда инсоният томонидан жаҳон океанларида 100 миллионга яқин акула йўқ қилинади. Айрим холларда океан ҳаёти учун ўта муҳим бўлган йиртқичларнинг ҳам йўқ қилинаётгани айтилмоқда. Масалан оқ акула жаҳон океанларидаги соғлом вазиятни барқарорлаштириб туриши ҳеч кимга сир эмас.

Шарофиддин Тўлаганов

Top