18:28 / 24.03.2016
1270

ОАВ: Ван Гаал келгач "МЮ" қиймати 1 млрд долларга арзонлашди

Англиянинг "Манчестер Юнайтед" жамоаси қиймати жамоага бош мураббий сифатида голландиялик мутахассис Луи ван Гаал келганидан бери ўтган вақт ичида 1 млрд долларга камайган. Бу ҳақда Буюк Британиядаги The Mirror нашри хабар берган.

23 март куни Нью-Йорк фонд биржасида клубнинг битта акцияси қиймати 13,33 долларни ташкил қилган. 2014 йилнинг баҳорида, яъни ван Гаал тайинланишидан олдинроқ "МЮ"нинг бир дона акцияси нархи 20 доллар атрофида эди. Манбанинг маълумотига кўра, жамоанинг трансфер сиёсатидаги омадсиз юришлари ва кўрсатилган ёмон натижалар туфайли шундай бўлмоқда. Қолаверса, мавсум якунида жамоа кучли тўртликка кира олмаса ва кейинги мавсумда ЕЧЛда иштирок этиш учун йўлланмага эга бўлмаса, аҳвол янада ёмонлашиб, акциялар қийматида пасайиш давом этиши мумкин.

Forbes журнали маълумотига кўра, "Манчестер Юнайтед" жамоасининг қиймати 2015 йилда 3,1 млрд долларга тенг эди.

Ван Гаал "МЮ" билан 2013-2014 йилги мавсум якунида шартнома тузган, бунгача у Голландия терма жамоасини бошқариб, ўша йилнинг ёзида Бразилия майдонларида ўтган мундиалда бронза медалларга эга чиққанди.

Ундан олдинроқ, ушбу мутахассис, "Аякс", "Барселона" ва "Бавария" жамоаларида муваффақиятли равишда ишлаганди.

Айни вақтда "Манчестер Юнайтед" Англия чемпионати турнир жадвалининг олтинчи ўрнида жойлашган. "Қизил иблислар" 30 тур ўйинларидан кейин 50 очко жамғаришган.

Top