11:19 / 24.03.2016
1515

Обама ва Клинтонни ўлдириш билан таҳдид қилган эркакка айблов қўйилди

23 мартда АҚШнинг Огайо штатида яшовчи эркакка АҚШ президенти Барак Обама ва АҚШнинг собиқ Давлат котиби Хиллари Клинтонни ўлдириш билан таҳдид қилгани учун расмий айблов қўйилди. 35 ёшли Жонатан Смидга нисбатан айблов хулосаси Кливленд шаҳар федерал судига топширилди.

Бунга АҚШ Махсус хизматининг телефон суҳбатлари ёзувлари асос бўлди. Хизмат, шунингдек, давлатнинг биринчи шахслари хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади. 28 февралда Смид Махсус хизматнинг маҳаллий бўлимига қўнғироқ қилиб, Обамани ўлдириш ва Клинтонни ўласи қилиб дўппослаш истагини билдирган.

Шундан кейин Смид ҳибсга олинган. Сўроқ пайтида у аслида ҳеч қандай хавфли нарса режалаштирмаганини айтган. Унинг айтишича, у Махсус хизматга қўнғироқ қилганда пиво ичиб, телевизор кўраётган бўлган.

Терговчилар эркакнинг синглисини сўроқ қилишганда, у "акаси ақлан беқарор, жазаваки одам эканлигини, президент Жон Кеннедига суиқасд қилиниши тарихига муккасидан берилганини" айтган.

Top