17:40 / 25.03.2016
1428

Абдулазиз Комилов Брюсселдаги терактлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди

2016 йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Тошкент шаҳридаги офисига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти хабар тарқатган.

Вазир кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган 2016 йил 22 март куни Брюссель шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатлари муносабати билан чуқур таъзия билдирди ва дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига қайд киритди.

ЕИ делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк ўз навбатида Бельгия Қироллиги ва бутун Европа Иттифоқи учун қайғули бўлган дамларда ҳамдардлик ва далда сўзлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни маҳаллий вақт билан соат 8:10да Брюссель аэропортида иккита портлаш содир этилди. Кўп ўтмасдан, Брюсселдаги метро бекатларида ҳам 3та теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 300га яқин киши жароҳатланган.

Теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Жангарилар бу хуруж Бельгиянинг Ироқ ва Сурияда халқаро коалиция таркибида ИШИДга қарши амалиётларда иштирок этгани учун содир этилганини билдиришган.

Top