10:52 / 25.03.2016
2767

Географ олимдан илмий хазина билан бирга дўстлик ва меҳр ришталари қолди...

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Геология ва география факультети профессори, география фанлар доктори, Ўзбекистон география жамияти раиси Абдусами Солиев яқиндагина Россия География жамиятининг 170 йиллигига бағишланган II фестивалида иштирок этиб келганди.

Таниқли ўзбек олимини Россия География жамияти президенти Сергей Шойгу шахсан таклиф этганди.

Фестивалнинг очилиш маросими Москва шаҳрининг Марказий рассомлар саройида бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Абдусами Солиев соҳага оид муаммоларни ҳал этишда дунё олимлари мунтазам ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқ эканлиги, бу борада Ўзбекистон Миллий университетида қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди.

Бу ҳақда Абдусами Солиев шундай деган:
– Бу фестивалда мен Ўзбекистон География жамияти раиси сифатида қатнашдим. Унда Жанубий Африка Республикаси, Ҳиндистон, Эрон ва Словакия давлатлари география жамиятларининг раҳбарлари ҳам иштирок этдилар. Фестивал очилиш маросимида Россия Федерацияси Президенти Виладимир Путиннинг анжуман иштирокчиларига йўлланган мактуби ўқиб эшиттирилди. Сўнгра Россия География жамияти Президенти Сергей Шойгунинг маърузаси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шу куни Москва Марказий рассомлар саройида катта миқёсда ташкил этилган Россия География жамиятининг 85 та ҳудудий бўлими кўргазмали, шунингдек, жамиятнинг Арктикани ўрганиш бўйича ўтказилаётган илмий экспедициялари натижалари, макет ва фотосуратлари ажойиб қизиқиш уйғотди.

Ўзбек олимининг бу фестивалда иштирок этишидан асосий мақсадларидан бири – Ўзбекистон Республикаси ва Россия География жамиятлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш эди. Бу борада тегишли шартномалар имзоланди.
Тадбир доирасида Россия Фанлар Академияси қошидаги География институтида ҳам илмий анжуман ўтказилди. Унда Абдусами Солиевнинг Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари асослаб берилган илмий маърузаси анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети География факультетида ўтказилган давра суҳбатида профессор Абдусами Солиевнинг “Ўзбекистон Республикасининг янги иқтисодий географияси” мавзуидага маърузаси, айниқса, талабалар ва илмий тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Сафар мобайнида ўзбек олими Москва Давлат университети География факультети кафедралари фаолияти билан танишди. Мезбонлар таниқли ўзбек олимига алоҳида эҳтиром кўрсатишиб, ўзларининг янги ўқув адабиётлари, уларнинг электрон нусхалари, харита ва атласларидан инъом этдилар.

Ўзбекистон География жамияти раиси Абдусами Солиев бу борада шундай деганди:
– Бу илмий ҳамкорлик натижасида факультетимизнинг магистр ва илмий тадқиқотчиларининг мақолалари Россияда бўладиган илмий конференциялар тўпламларида чоп этилиши янада кенгроқ йўлга қўйилади. Энг муҳими, иқтидорли талабаларни грант асосида Москва Давлат университети География факультетига малака оширишга юбориш имкониятлари кенгайди.

ЎзМУ ахборот хизматидан маълум қилишларича, бу мавзуда www.nuuz.uz сайтида ёритилган мақолани атоқли географ олим ўқиб мамнун бўлган. Минг афсуски, бу унинг ўзи ҳақида ўқиган энг сўнгги мақоласи бўлиб қолди... Бешафқат ўлим профессор Абдусами Солиевни орамиздан олиб кетди...

Географ олимдан ўзига яраша илмий хазина билан ҳаётлик даврида хорижликлар билан ўрнатиб кетган дўстлик ва меҳр ришталари қолди...

Top