22:30 / 25.03.2016
1753

Миллий кинематографиянинг истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Миллий матбуот марказида миллий кинематография санъатини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Унда киношунос олимлар, режиссёрлар, актёрлар, кино соҳаси мутахассислари иштирок этди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О.Мусаев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида маданият ва санъат равнақига қаратилаётган эътибор самарасида кинематография соҳаси ҳам изчил ривожланаётгани, кино санъатининг халқимиз ҳаётида, айниқса, ёшлар тарбиясидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан ишлаб чиқарилган “Барон”, “Хазонрезги” бадиий фильмлари киноихлосмандларга манзур бўлди. Жорий йилда яна ўн бешта бадиий, ўнта мультипликацион, йигирма қисмли ҳужжатли, илмий-оммабоп кинофильмлар, кўплаб ўқув-услубий видеофильмлар яратиш режалаштирилган.

Соғлом она ва бола йилида "РRОLоguе" – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар II Республика фестивали ўтказилади. Ноябрь ойида бўлиб ўтадиган "Ёшлар ҳафталиги" доирасида ташкил этиладиган мазкур фестивалда 35 ёшгача бўлган киноижодкорлар сўнгги икки йил мобайнида суратга олган қисқа метражли бадиий фильмлари билан қатнашади.

Миллий ва жаҳон кино асарлари дурдоналарини халқимизга кенгроқ намойиш этиш мақсадида мамлакатимизда ва бир қатор хорижий давлатларда кинофестиваллар ўтказиш режалаштирилган.

Анжуманда кинематография соҳасида олиб борилаётган ишлар, галдаги режалар, режиссёр ва кинодраматурглар тайёрлаш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар муҳокама этилди.

Top