10:54 / 25.03.2016
2865

Ўзбекистон-Хитой: Мустаҳкам дўстлик ришталари асосига қурилган ҳамкорлик

Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида Ўзбекистон-Хитой иқтисодий муносабатларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Хитой Тижорат вазирлигининг халқаро тижорат раҳбарлари академияси (AIBO) томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, олий ўқув юртлари ҳамда бошқа бир қатор вазирликлардан мутахассислар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихи Буюк ипак йўлининг илк даврларидан бошланган. Бугунги кунда ушбу ришталар мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ҳурмат-эҳтиром ва ишонч, мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга муносабатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Хитой Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олди. 1992 йилда мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. 1992 йилнинг 15 октябрида Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги муносабатлар истиқболини белгилаб берган тарихий воқеа рўй берган эди. Шу куни мамлакатимиз пойтахтида Хитой элчихонаси очилди. Ана шу кундан эътиборан мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари юқори суръатлар билан ривожлана бошлади. 1995 йилнинг май ойида Пекин шаҳрида мустақил Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси тантанали равишда очилиб, ўз фаолиятини бошлади.

Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация ҳамда бошқа кўплаб икки томонлама муҳим ҳужжатлар асосида изчил ривожланиб бораётир. Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил август ойида Хитойга давлат ташрифи икки томонлама стратегик ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини берди. Ушбу ташриф доирасида эришилган келишувлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий, гуманитар алоқаларни кенгайтириш, хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш икки томонлама муносабатларда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар анъанавий дўстлик, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик руҳида изчил ривожланиб бораётир.

Мазкур семинар ҳам икки томонлама муносабатларни янги мазмунан бойитилишига хизмат қилади. Йигирма бир кун давом этган тадбир эсда қоларли тарзда кечди.

Семинарнинг очилишида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Д. Қурбонов, AIBOнинг вице президенти Цзоу Чуаньмин ва бошқалар мазкур тадбирларнинг ташкил этилиши Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Тадбир доирасида олим ва профессорлар иқтисодиёт, банк, молия, ижтимоий соҳаларда Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлари ҳақида маъруза қилдилар.

Сиань ва Шанхай шаҳарларида бўлиб ўтган учрашувлар, турли компания ва корхона ташрифлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Маъсуджон Сулаймонов,
Тошкент-Пекин-Тошкент

Top