22:20 / 25.03.2016
1597

Россия Давлат думаси Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги молиявий эътирозларга барҳам беришни маъқуллади

Россия Давлат думаси 25 мартда Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида ўзаро молиявий талаблар ва мажбуриятларни ҳал қилиш бўйича келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилди, деб хабар берилди Давлат думаси сайтида. Бу ҳақда gazeta.uz хабар бермоқда.

Келишув Тошкентда 2014 йил 10 декабрда Россия президенти Владимир Путиннинг расмий ташрифи вақтида имзоланган. У икки давлат томонидан Собиқ иттифоқ операциялари, шу жумладан, Собиқ иттифоқнинг Олмос фондини тақсимлаш ва Собиқ иттифоқнинг Ташқи иқтисодий банки (Внешэкономбанк) ҳисоб рақамларидаги валюта маблағларини қайтариш бўйича Ўзбекистон томонидан Россияга билдирилган ҳамда Ўзбекистонга Россия томонидан 1992-1993 йилларда тақдим қилинган кредитлар бўйича юзага келган барча эътирозлардан воз кечишни кўзда тутади.

Қонунга тушунтириш хатида таъкидланишича, Россия 2014 йил 1 ноябрига кўра тўланиши муддатидан ўтказиб юборилган Ўзбекистоннинг 889,3 млн доллар (500,6 млн доллар асосий қарз ва 388,7 млн доллар у бўйича фоиз) миқдоридаги қарзини кечиб юборади. Ўзбекистон бу қарздан фақатгина 25 млн долларини тўлаб беради.

Келишувнинг кучга кириши Россия бюджет қонунчилигида қайд қилинган Ўзбекистон билан кредит-молия ҳамкорлигига тақиқловни бекор қилади.

"Имзоланган келишув Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар беради", деб айтди Россия молия вазири ўринбосари Сергей Сторчак.

Top